Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Туркия Рақобат органи ҳамкорлигида “Рақамли платформаларни рақобат қонунчилигига мувофиқ тартибга солиш” мавзусига бағишланган семинар ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ўринбосари Фарруҳ Карабаев сўзга чиқиб рақамли бозорларни тартибга солиш соҳасида халқаро тажрибани ўрганиш ва замонавий механизмларни жорий этишнинг муҳимлигини таъкидлади. Рақамли платформалар бугунги кунда нафақат иқтисодиётда, балки жамият ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутишини қайд этиб, уларни адолатли ва рақобатбардош муҳитда ривожлантириш учун ишончли ҳуқуқий асос зарурлигини алоҳида эътироф этди.

Туркия Рақобат органи вице-президенти Жаноб Женгиз Чолак ўз нутқида Ўзбекистон билан самарали ҳамкорликдан мамнунлигини билдириб, рақамли бозорларни тартибга солишда ўзаро тажриба алмашишнинг долзарблигини қайд этди.
Туркия мутахассислари рақобатга зид хатти-ҳаракатларни аниқлаш услублари – алгоритмлар таҳлили, маълумотларга кириш ва рақамли устунликларни баҳолаш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди.

Ушбу тадбир давомида рақамли платформаларнинг рақобат қонунчилигидаги ўрни, Туркия тажрибасини миллий тизимга татбиқ этиш йўллари, Ўзбекистонда рақобат муҳитини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар якунида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Н.Раҳмонова, ЎзА