Ўзбекистон ва "Traxys" критик минераллар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент халқаро инвестиция форумида Ўзбекистон иштирокида стратегик хомашёларнинг глобал таъминот занжирини шакллантиришда янги босқични бошлаб берган муҳим воқеа юз берди.
Американинг “Traxys” компанияси ҳамда «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖ (ТМК) умумий қиймати 16 миллион доллардан ортиқ бўлган экспорт шартномалари тўпламини имзоладилар. Ҳужжатларга “Traxys” бош ижрочи директори Марк Кристофф ва «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖ бошқаруви раиси биринчи ўринбосари Ўктамжон Каримов имзо чекди.
Эришилган 3 та келишувга мувофиқ, июль ойидан бошлаб жорий йил давомида америкалик шерикларга брикет кўринишидаги металл молибден, таблетка шаклидаги рений ҳамда металлургия мақсадларига мўлжалланган молибден таёқчалари етказиб берилади.
Бугунги келишувлар оддий тижорат битими эмаслигини алоҳида таъкидлаш лозим. Улар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатни критик минераллар бўйича глобал ишлаб чиқариш занжирларига интеграция қилишга қаратилган изчил сиёсатнинг амалий давоми бўлди.
Давлат раҳбарининг сиёсий иродаси ҳамда 2025 йил ноябрь ва 2026 йил бошида АҚШга амалга оширган ташрифлари Ўзбекистон ва “Traxys” ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди. Ўша пайтда критик металлар соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик йўналишларини белгилаб берган келишувлар имзоланган бўлиб, эришилган натижалар икки мамлакат ўртасида барқарор саноат кооперацияси тизимини шакллантиришга янги суръат бағишлади.
Жорий йил бошидаёқ “Traxys” Тошкентда Марказий Осиёдаги биринчи минтақавий ваколатхонасини очди. Ушбу офис қўшма лойиҳаларни тезкор мувофиқлаштириш, технологик алоқаларни ривожлантириш ва ўзбекистонлик шериклар билан самарали ҳамкорликни таъминловчи муҳим марказга айланди.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири келажакдаги етказиб беришларни аванслаш механизмига асосланган узоқ муддатли оффтейк-шартномаларга ўтиш ҳисобланади. Ҳужжатларни имзолаш маросимида “Traxys” ва ТМК келгусидаги маҳсулотлар учун олдиндан тўловни назарда тутувчи янги шериклик форматидаги яна бир контрактга ҳам қўл қўйдилар. Инчунун, гап экспортдан олдинги молиялаштириш механизми ҳақида бормоқда. Унга кўра, “Traxys” ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчига 150 миллион долларгача маблағ ажратиши кўзда тутилган. Анъанавий банк кредитлашидан фарқли равишда, бу ҳисоб-китоблар тури маблағларни қайтариш узоқ муддатли шартномалар асосида стратегик металлар етказиб бериш орқали амалга оширилади. Бу ёндашув комбинатга облигациялар чиқармасдан ва қарз юкини оширмасдан катта молиявий ресурсларни жалб қилиш, шу билан бирга жаҳон бозорида маҳсулотларнинг кафолатланган сотувини таъминлаш имконини беради.
Ҳамкорликнинг кейинги босқичи сифатида “Traxys”, «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖ ҳамда зарур технологиялар, тажриба ва молиявий ресурсларга эга бўлган бошқа йирик халқаро иштирокчиларни бирлаштирган консорциум ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу консорциум геология-қидирув ишлари, критик минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиши, шунингдек, халқаро техник экспертиза, инвестиция капитали жалб қилиниши ва истиқболли корхоналар устав капиталида иштирок этишини таъминлаши кўзда тутилмоқда.
Ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш жараёни “ТМИФ-2026” кунларида Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазири Б.Исломовнинг “Traxys” компанияси бош директори М.Кристофф бошчилигидаги делегация билан учрашуви давомида янада ривожлантирилди. Учрашувда вазирликнинг “Traxys” билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор экани алоҳида қайд этилди. Бугунги кунда мазкур ҳамкорлик анъанавий савдо муносабатлари доирасидан чиқиб, аста-секин узоқ муддатли стратегик шериклик тусини олаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Умуман, бундай шериклик моделининг шаклланиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, инвестиция жараёнларини жадаллаштириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини кенгайтириш вазифаларига тўла мос келади.
“Traxys” ва «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖ ўртасидаги ҳамкорлик эса давлат раҳбарлари даражасида қабул қилинган стратегик қарорлар аниқ инвестициялар, янги ишлаб чиқариш имкониятлари ва Ўзбекистоннинг жаҳон критик минераллар бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/pWZB9VNeOfE" title="O‘zbekiston va Traxys hamkorlikni kengaytirmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов, ЎзА