Бугун Бишкекдаги “Бирлик Ўрдаси” давлат қароргоҳида Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров раислигида ўтган тадбирда тузилмага аъзо давлатлар раҳбарлари Шавкат Мирзиёев, Илҳом Алиев, Қосим-Жомарт Тоқаев, Режеп Таййип Эрдоған, шунингдек кузатувчи мамлакат – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболи юзасидан фикр алмашилди, амалий шерикликка оид долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Ташкилотнинг асосий мақсади – қардош давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч ва кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо, иқтисодиёт, энергетика, туризм, транспорт, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдан иборат.
ЎзА мухбири экспертларнинг мазкур саммит якунлари ва тузилманинг жаҳон сиёсий майдонида тутган ўрни хусусидаги фикрини ёзиб олди.
Оқилиддин Алимов, ТДШУ Шарқ мамлакатлари ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлилий маркази директори, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори:
– Бугунги жаҳон сиёсий жараёни халқаро ҳамжамиятни янада жипслашиш, мураккаб вазиятлар билан боғлиқ муаммоларга биргаликда самарали ечим топишга ундамоқда. Замонавий глобал масалалар – айрим минтақалардаги нотинчлик, турли зиддиятлар авж олиши, молиявий-иқтисодий танглик, глобал энергетика ва озиқ-овқат инқирози, экологиянинг жаҳон иқтисодиётига таъсири, инфляция босими ортиши, миллий иқтисодиётлар заифлашиб бораётгани халқаро муносабатлардаги институционал ўзгаришларни кун тартибига олиб чиқди.
Бундай шароитда, шубҳасиз, халқаро ва минтақавий институтлар роли ортмоқда. Туркий давлатлар ташкилоти минтақада ўзига хос муҳим ҳамкорлик моделига айланиб бораётгани халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Ушбу платформа қисқа вақт ичида аниқ стратегик мақсадларни амалга ошириш имкониига эга тузилма сифатида намоён бўлмоқда.
Кейинги йилларда Кенгаш томонидан турли йўналишлардаги ҳамкорликни институционаллаштириш мақсадида Парламент Ассамблеяси (ТУРКПА), Халқаро маданият ташкилоти (ТуркСОЙ), Маданият ва мерос жамғармаси, Савдо-саноат палатаси, Халқаро туркий академия каби муҳим ёрдамчи платформалар ишга туширилди. Бундай ташкилий тузилма ТДТ олдига қўйилган вазифаларни бажаришга кўмаклашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Туркий давлатлар Кенгашига 2019 йил сентябрь ойида аъзо бўлди. Истанбулдаги Демократия ва озодлик оролида 2021 йил 12 ноябрь куни бўлиб ўтган саккизинчи саммитда кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилди.
Ташкилот давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, аввало, минтақада янги, ишончли ва хавфсиз транспорт ҳамда энергетика йўлаклари барпо этишни кўзлайди. Бу ўз навбатида нафақат аъзо давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларини мустаҳкамлайди, балки глобал ва минтақавий таҳдидларга қарши тура оладиган тизимни вужудга келтиради. Туркий дунё ва халқаро майдонда ўзаро манфаат, ишонч ва тенг ҳуқуқ тамойили асосида самарали фаолият юритаркан, тузилмага қўшилиш истагидаги давлатлар сони ҳам ортиб бормоқда.
Бугунги кунда ТДТ ҳудудида 170 миллиондан кўп, дунё аҳолисининг 2 фоиздан кўпроғи истиқомат қилади ва мамлакатларимиз жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 3 фоиздан ортиғини қоплайди.
ТДТ доирасидаги ҳамкорлик савдо ва инвестиция учун қулай шарт-шароит яратиш, энергетика, танспорт-логистика, божхона ва транзит тартибини янада соддалаштириш, шунингдек ижтимоий – фан ва технология, маданий-гуманитар, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва спорт соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, туркий халқлар маданий ва тарихий мероси, қадриятларини оммалаштиришга қаратилгани билан ҳам муҳим.
Бугун Бишкекда бўлиб ўтган XI саммитда тўрт йўналиш – иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли трансформация ва хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга транспорт ва инфратузилма соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ташаббуслари илгари сурилди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Остона ва Шуша шаҳарларидаги учрашувлардан кейинги вақт мобайнида глобал геосиёсий жараён тобора мураккаб тус олганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш, кузатилаётган икки ёқлама стандарт ҳақида гапирди.
– Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумлар, айниқса бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, – деди Президент Шавкат Мирзиёев. – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз. Мазкур кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир. Кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид қиламиз.
Афғонистондаги вазият ҳам эътибордан четда қолмади. Бу борада вазирлар ва экспертлар даражасидаги мунтазам мулоқот механизмини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди. Мавжуд ўткир муаммоларни ҳал этишда амалдаги ҳукуматга ёрдам кўрсатиш, давлатни минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этиш, ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини рўёбга чиқариш масалалари албатта кўриб чиқилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Саммит якунида Бишкек декларацияси, мамлакатимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Туркий дунё хартияси, шунингдек ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор келишувлар тасдиқланди.
Умуман, мазкур саммитда ТДТнинг халқаро майдонда таъсир кучи ва имкониятини ошириш, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар интеграцияни жадаллаштириш, фан ва технология ҳамда инновация соҳаларида янги дастурлар жорий қилиш мақсадида қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Мухтор Назиров, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси доценти, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори:
– Ҳозирги вақтда ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатлар умумий майдони 4 242 362 квадрат километрни ташкил этувчи йирик ва муҳим геосиёсий минтақада жойлашган бўлиб, умумий ялпи ички маҳсулот 1 триллион доллардан ошади. Шу боис тузилма жаҳон иқтисодиётида сезиларли ўрин эгаллайди.
Ташкилот кўп томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун муҳим майдон ҳисобланади. Барқарор ва хавфсиз ТДТ минтақаси Евросиё ва ташқарида умумий хавфсизлик, барқарорликка ҳисса қўшади. Иқтисодий интеграцияни кучайтириш, ташкилот доирасида ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирлари янада кенгроқ этнолингвистик маконда тинчлик, барқарорликни таъминлаб, дунёвий вазиятга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, халқаро ҳамжамият одатда ТДТга эҳтиёткор оптимизм ҳисси билан қарайди. Кўпгина давлатлар тузилманинг Евросиё минтақасида ҳамкорлик ва барқарорликни ривожлантириш имкониятини тан олади. Иқтисодий интеграция, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва маданий алмашинувга эътибор қаратилиши олқишланади. Қолаверса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги кузатувчи мақоми ва бошқа халқаро тузилмалар билан ҳамкорлик ТЖТнинг халқаро миқёсдаги обрўси ортиб бораётганидан далолат.
Халқаро ҳамжамият билан ишончни мустаҳкамлаш қобилияти ташкилотнинг узоқ муддатли ва барқарор тараққиёт мақсадига мувофиқ, минтақавий ҳамкорликка ҳисса қўшишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон раислиги даврида ташкилотнинг “Туркий дунё нигоҳи-2040” концепцияси қабул қилингани эътиборга молик масалалардан бири. Ҳужжатда қайд этилганидек, туркий халқлар ҳамкорлиги учун кенг имконият мавжуд. Шу муносабат билан ёшлар, тадбиркорлар ва диаспора вакиллари ўртасида спорт ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида форумлар ўтказиш режалаштирилган.
Шу нуқтаи назардан, аъзо давлатлар халқлари тарихан бир илдизга эгалиги сабабли, мамлакатларимиз учун маданий ва инсоний алоқаларни кенгайтириш алоҳида аҳамиятга эга. Хусусан, академик алмашинув, умумий маданий алоқалар орқали таълим ва илмий муассасалар шериклиги кўламини кенгайтириш мумкин.
Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотдаги иштирокдан асосий мақсади ўзаро савдо, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт, саноат кооперацияси, иқлим ўзгариши каби соҳаларда мутлақо янги шароитда аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришдан иборат. Шунингдек, ёшлар сиёсати, экология, рақамли технология, маданият ва туризм каби йўналишларда мамлакатимиз йирик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан манфаатдор.
Изчил ривожланаётган ушбу ҳамкорлик кўп қиррали ва ўзаро манфаатли хусусиятга эга. Аҳамиятлиси, фундаментал қадрият ва умимий тил билан англашиладиган туркий дунёга боғланган Ўзбекистон ушбу улкан геосиёсий макро маконнинг марказий устунларидан биридир. Ташкилотга аъзолик доирасида республикамизнинг ташқи иқтисодий фаолияти жадал кенгайиб бораётгани бу борада улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатади.
Дунёда юз бераётган геосиёсий ўзгаришлар асносида ТДТнинг истиқболли минтақавий тузилма сифатидаги мавқеи ва стратегик аҳамияти ортиб боряпти. Уюшма Марказий Осиёдаги бошқа минтақавий платформалар ва ташаббусларни тўлдиради, минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.
ТДТда фаол иштирок этиб келаётган Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ҳамкорлиги стратегиясини йўлга қўйиш, савдо тўсиқларини бартараф этиш, электрон тижоратни кенгайтириш ва савдо ҳажмини ошириш тарафдори. Биз учун мазкур платформадаги устувор йўналиш иқтисодий алоқалар орқали товар айланмасини ошириш ҳисобланади. Бу инфратузилмани яхшилаш, қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш билан боғлиқ.
Мамлакатларимиз Европа ва Осиёни боғловчи воситаларга эга. Хитойдан бошланиб Каспий денгизи орқали Кавказ, сўнгра Европага чўзилган Ўрта йўлакни ривожлантириш зарурлигига кўп бор таъкидланган. Бинобарин, ТДТ турк дунёси халқларини бирлаштирган юксак салоҳиятга эга минтақавий тузилма.
Бишкек саммитидаги нутқида давлатимиз раҳбари ташкилот доирасида янги иқтисодий имкониятлар маконини яратиш мақсадида тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, савдо-божхона тартиб-қоидасини енгиллаштириш, электрон тижорат платформаларини ривожлантириш бўйича аниқ битим ва келишувлар ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Шу муносабат билан савдо соҳасидаги салоҳиятни кенгайтиришга қаратилган чуқур тадқиқотлар олиб бориш учун яқин истиқболда Тошкентда етакчи таҳлил марказлари анжуманини ўтказиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Жаҳон молия бозорида капиталга талаб ошмоқда, ривожланаётган давлатларга узоқ муддатли ва “яшил” кредитлар ажратиш шарти мураккаблашмоқда.
Шу нуқтаи назардан молиявий воситаларни жорий этиш, Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кучайтириш ва Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Ўткир Мирзо тайёрлади. ЎзА