
Муносабат
9 июнь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицонинг музокаралари бўлиб ўтди.
Музокаралар якунида икки мамлакат етакчилари Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Шунингдек, улар ҳузурида икки томонлама ҳужжатлар алмашилди.
Ушбу тадбирлардан сўнг бир қатор вазирларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:
– Словакия Республикаси иқтисодиётида қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади. Аграр тармоғи юқори даражада механизациялашган, замонавий агротехника усуллари кенг қўлланилади. Экологик барқарорликка интилади. Органик қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқарилган маҳсулот сифати ва экспорт салоҳиятини оширади.
Словакия билан агросаноат йўналишида алоқаларни йўлга қўймоқчимиз. Асосан, шу соҳага инновацияларни киритиш мақсадидамиз. Биоўғитни ишлаб чиқариш бўйича катта келишувга эришдик. Шунингдек, агрологистика марказлари фаолиятини йўлга қўямиз. Мева-сабзавотларимизни Европа бозорларига олиб чиқишда Словакия компаниялари билан ҳамкорлик қиламиз.
Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги йўналишидаги университетлар билан алоқаларимизни янги босқичга кўтарамиз. Умуман, Словакия Республикаси Бош вазири Роберт Фицонинг мамлакатимизга ташрифи доирасида бу соҳадаги алоқаларимиз янги босқичга кўтарилмоқда.
Шерзод ШЕРМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазири:
– Бугун ёшларимизда Европа бозорига ахборот технологиялари бўйича хизматларни экспорт қилиш имкониятлари кенгайиб бормоқда. Словакия Республикаси Европанинг бир бўлаги, шу ҳудуддаги мамлакатлар билан алоқалари чамбарчас боғлиқ. Улар билан ҳамкорлик қилади. Бу давлатларга нисбатан арзон, лекин сифатли IT хизматлари зарур. Ўзбекистонда ана шундай имкониятлар бор. Ёшларимиз замонавий технологиялар бўйича илмли, бир неча чет тилларини билади. Интеллекти юқори. Европанинг йирик компанияларига масофадан хизмат кўрсатиш мумкин. Бу ишни таклиф қилиш ўша тадбиркорлик субъектларига харажатларини камайтиришга хизмат қилади.
Бу борадаги ҳамкорлигимиз Европа мамлакатлари учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам манфаатли бўлади. Шунингдек, Словакия рақамли трансформацияда фаол иштирок этади. Аҳоли ўртасида рақамли саводхонлик даражаси юқори. Давлат хизматлари, таълим ва бизнес соҳаларида ахборот технологиялари кенг қўлланилади. Келгусида бу борадаги ҳамкорлик алоқалари ҳам кенгайишига эътибор қаратиш муҳим.
Қўнғиротбой ШАРИПОВ, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири:
– Словакия олий таълим тизими Европа стандартларига мувофиқ ташкил этилган. Мамлакатда бир қатор юқори рейтингга эга университетлар фаолият олиб боради. Таълим тизимида илмий тадқиқотлар, инновацияларга катта эътибор қаратилади. Улар бу борада халқаро ҳамкорликни ҳам яхши йўлга қўйган.
Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда кадрлар тайёрлаш борасида хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари жадал кенгаймоқда. Европа олий таълим тизими ҳам ранг-баранг ҳамда бой тарихга эга. Бугунги мулоқотлар Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги алоқалари янги босқичга чиқишида навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Олий даражадаги музокараларда гуманитар соҳада таълим ва академик алмашинувни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди. Қўшма тадқиқот дастурларини Братиславадаги Коменский университети иштирокида ҳам йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.
Дарҳақиқат, қабул қилинган қарор ва келишувларни ўз вақтида, сифатли амалга ошириш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли “йўл харитаси” қабул қилинади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири