Ўзбекистон ва Саудия соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Саудия Арабистони Подшоҳлиги соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдураҳмон Ал-Жаложил бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Делегация таркибида 50 нафардан ортиқ вакил, жумладан Ўзбекистон – Саудия ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Муҳаммад Абунайян ҳам бор.
Ташриф доирасида мамлакатимиз Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирокида учрашув ҳамда икки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлиги истиқболига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Президент Администрацияси раҳбарининг тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Тамила Алиева, Соғлиқни сақлаш, Инвестициялар, саноат ва савдо, Рақамли технологиялар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ҳамда бошқа идоралар раҳбарлари иштирок этди.
Музокарада кейинги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги стратегик шериклик изчил мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Бу жараёнга 2022 йил Президент Шавкат Мирзиёевнинг Саудияга давлат ташрифи, 2023 йил ўтказилган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммити ҳамда 2024 йил Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасидаги олий даражадаги учрашувлар муҳим туртки бергани эътироф этилди.
Томонлар шериклик кўламини янада кенгайтириш, қўшма лойиҳалар амалга ошириш, тиббий ходимлар тайёрлаш, соҳага рақамли ечим ва замонавий технологияни жорий этиш, хусусий сектор ҳамда фармацевтика соҳасида сармоявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
Давра суҳбати чоғида айни пайт амалга оширилаётган ва режалаштирилган қатор йирик лойиҳалар юзасидан ҳам ахборот берилди. Хусусан, “Vision International Investment Company” иштирокида давлат-хусусий шериклик асосида Фарғона вилоятида 800 ўринли замонавий кўп тармоқли шифохона барпо этиш режаси тақдим этилди.
Келишувга мувофиқ, халқаро стандартга жавоб берадиган тиббиёт муассасаси лойиҳасини молиялаштириш, барпо этиш, жиҳозлаш ва узоқ муддатли техник хизмат кўрсатиш ишлари амалга оширилади. Умумий инвестиция миқдори қарийб 300 миллион долларни ташкил этади. Қурилишни 36 ойда якунлаш режалаштирилган. Мазкур шифо маскани Марказий Осиёда давлат-хусусий шериклик модели асосида барпо этилаётган энг йирик соғлиқни сақлаш объектларидан бири бўлиши кутиляпти.
Янги тиббиёт мажмуаси Фарғонадаги бешта ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасини бирлаштиради. Шу тариқа вилоятга туташ ҳудудлар аҳолиси учун юрак жарроҳлиги, нейро жарроҳлик, тана аъзоларини кўчириб ўтказиш (трансплантация), нефрология ҳамда ортопедия каби йўналишларда учинчи даражали юқори технологияли тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти кенгайтирилади. Муассаса таркибида 160 ўринли тезкор терапия ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари ҳамда зарур ёрдамчи клиник хизмат ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Мулоқот давомида мазкур шифохона негизида тиббиёт ва ўқув марказлари, меҳмонхонани ҳам ўз ичига олган “Fergana Plus” тиббиёт шаҳарчаси барпо этиш режаси ҳақида ҳам сўз борди. Шунингдек, “Jamjoom Pharm” ва “Sudair Pharma” компаниялари билан фармацевтика маҳсулотларини маҳаллийлаштириш, “SEHA Virtual Hospital” билан виртуал шифохона ва телетиббиёт тизимини ривожлантириш, “Lean Business Services” билан рақамли тиббиёт ҳамда сунъий интеллект ечимини жорий этиш, “Health Holding” иштирокида тиббиёт муассасаларини самарали бошқариш, “NUPCO” кўмагида марказлашган харид ва логистика тизимини такомиллаштириш, шунингдек Саудия Миллий тиббий суғурта маркази ёрдамида тиббий суғурта механизмини ривожлантириш мавзулари ҳам кўтарилди.
Ташриф доирасида икки мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган яна қатор учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
[gallery-30574]
Дилшод Ҳакимов,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА