Ўзбекистон ва Россия: стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари янги босқичга кўтарилмоқда
Олий Мажлис Сенатида Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алексей Ерхов билан учрашув бўлиб ўтди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда парламентлараро алоқалар самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси туфайли икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ишонч, очиқ ва конструктив мулоқот орқали изчил тараққий этиб, янги босқичга кўтарилаётганини алоҳида таъкидлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашгани, ўзаро ташрифлар, қўшма тадбирлар ва доимий мулоқот механизмлари икки мамлакат ўртасидаги амалий шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, атом энергетикаси, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида амалга оширилаётган йирик қўшма ташаббус ва лойиҳалар Ўзбекистон – Россия муносабатларини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқмоқда.
Айниқса, ҳудудлараро шериклик доирасида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар иқтисодий фаолликни ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Айниқса, ҳудудлараро шериклик доирасида ҳаётга татбиқ этилаётган қўшма лойиҳалар иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, янги иш ўринлари яратиш, инвестициялар оқимини кўпайтириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга салмоқли ҳисса қўшаётгани қайд этилди.
Мулоқот якунида томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, парламентлараро ҳамда ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш бўйича яқин ва самарали ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканини билдирди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА