Ўзбекистон ва Россия медиа футбол терма жамоалари учрашуви ўтказилади
Ўзбекистон – Россия медиа форуми доирасида икки мамлакат медиа футбол лигалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда медиа футбол ривожи, лигалар ўртасидаги ҳамкорлик ва бўлажак дўстлик учрашуви ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон медиа футбол ассоциацияси вакиллари, мамлакат медиа футбол терма жамоаси бош мураббийи Темур Копадзе, ҳужумчи Санжар Турсунов, Россия медиа футбол терма жамоаси бош мураббийи Павел Мамаев ҳамда РФ Медиа лигаси президенти, медиа футбол асосчиси Николай Осипов иштирок этди.

Мамаев таъкидлашича, профессионал футбол ва медиа футбол турли вазифаларни бажарса-да, ҳар икки йўналиш футболни оммалаштириш ва ривожлантиришга хизмат қилади. Медиа футбол мухлислар учун байрам, ёшларни спорт билан шуғулланишга ундайдиган муҳим майдондир.
У икки мамлакат медиа футбол лигалари ривожини кузатиб бораётганини айтиб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади. Ўзбекистоннинг футбол бўйича жорий йилги Жаҳон чемпионатидаги иштирокини эътироф этиб, жамоамизга мухлислик қилганини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Россия медиа футбол лигалари жамоалари ўртасидаги учрашув бугун соат 16:00 да “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтади.
Дилшод Ҳакимов,
Аслиддин Алижонов (сурат),
ЎзА