Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигининг янги босқичи: стратегик шерикликнинг мустаҳкам пойдевори
Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган халқаро иқтисодий форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг иштирок этиши ва Россия Федерацияси раҳбарияти билан ўтказган учрашувлари икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини яна бир бор намоён этди.

Бугунги глобал ўзгаришлар, геосиёсий жараёнлар ва жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият давлатлардан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон ва Россия муносабатлари нафақат икки мамлакат, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик, прагматизм ва ўзаро манфаатдорлик тамойиллари устувор аҳамият касб этмоқда. Шу ёндашув натижасида Россия билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага чиқди. Кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси, инвестициялар ҳажми, саноат кооперацияси ва ҳудудлараро алоқалар изчил ўсиб бормоқда. Энергетика, транспорт, машинасозлик, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, таълим ва меҳнат миграцияси соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкам асосини яратмоқда. Санкт-Петербургдаги мулоқотлар давомида иқтисодий шерикликни янада кенгайтириш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, транспорт ва логистика йўлакларини ривожлантириш, таълим ва илмий алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу икки мамлакат муносабатлари анъанавий соҳалар билан чекланиб қолмаётганини, балки инновациялар ва юқори қўшимча қиймат яратувчи тармоқларга ҳам кириб бораётганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон ва Россия муносабатлари изчил ривожланиб бормоқда. Давлат раҳбарлари ўртасида шаклланган очиқ ва ишончли мулоқот, иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорлик икки мамлакат манфаатларига хизмат қилувчи мустаҳкам асосни яратмоқда.
Фируза Муҳитдинова,
Миробод тумани Кенгаши депутати,
юридик фанлар доктори, профессор