Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди
Олий Мажлис Сенатига Польша Президентининг Марказий Осиё бўйича маслаҳатчиси Радослав Грук бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Польша – Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири экани, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Парламентлараро алоқаларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш борасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, дўстлик гуруҳлари ва қўмиталар фаолиятини жадаллаштириш, ҳудудий вакиллик органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда 2027–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, 2027 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан қўшма парламент форумини ўтказиш таклиф этилди.
Транспорт-логистика имкониятларидан самарали фойдаланиш, Ўзбекистон маҳсулотларининг Европа бозорларига чиқишини қўллаб-қувватлаш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинувини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Келгуси йилда икки мамлакат маданият кунларини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Н.Абдураимова, ЎзА