Ўзбекистон ва Озарбайжон – умумий илдизлардан туғилган стратегик ҳамкорлик
Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари нафақат бугуннинг, балки келажакнинг ҳам стратегик ҳамкорлик моделидир. Умумий тарих, маданият ва қадриятларга асосланган алоқалар бугунги янги геосиёсий шароитда янада мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17-18 май кунлари амалий ташриф билан Боку шаҳрига ташриф буюриб, БМТнинг Аҳоли пунктлари бўйича дастури шафелигида ўтказилган Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессиясида иштирок этди.
“Барча учун уй-жой: хавфсиз ва барқарор шаҳарлар ҳамда ҳамжамиятлар” мавзусидаги форум шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини замонавий ва арзон уй-жой билан таъминлаш, шаҳар муҳити сифатини ошириш, иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш каби кўплаб масалаларни қамраб олди.

Аввалги олий даражадаги мулоқотлар чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар фақат дипломатик алоқалар тарихи билан чекланмайди. Асрлар синовидан ўтган умумий хотира – тил, маданият ва маънавий қадриятлар асосида қурилган. Ҳар икки халқни бирлаштирувчи миллий урф-одатлар ушбу алоқаларнинг пойдеворини ташкил этади. Шу жиҳатдан ўзаро муносабатлар классик давлатлараро ҳамкорлик моделидан кўра кўпроқ биродарлик муносабатларининг ёрқин намунаси сифатида баҳоланади.
Тарих давомида халқларимиз мураккаб ва синовли даврларда бир-бирига таянч бўлишни уддалаган. XX асрнинг 30 йилларида юз берган репрессиялар даврида минглаб озарбайжонликларнинг Ўзбекистонда бошпана топиши бу биродарликнинг энг яққол намунасидир. Шунингдек, 1966 йилда Тошкентда юз берган вайронкор зилзиладан сўнг шаҳарнинг тикланишида озарбайжонлик мутахассислар ва ишчиларнинг фаол иштироки икки халқ ўртасидаги бирдамликнинг тарихий ифодаси сифатида қайд этилган.
Бугунги кунда ҳам Ўзбекистонда яшаётган ўн минглаб озарбайжонликлар мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётида фаол иштирок этиб, дўстлик кўпригини янада мустаҳкамламоқда.
Мустақиллик даврида эса ушбу алоқалар янги босқичга кўтарилди. 1995 йил 2 октябрда дипломатик муносабатларнинг расмий ўрнатилиши билан икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий базаси шакллана бошлади. Қисқа вақт ичида ўзаро элчихоналарнинг фаолият бошлаши, юқори даражадаги ташрифларнинг фаоллашуви муносабатларнинг жадал ривожланишига туртки берди. Натижада Озарбайжон-Ўзбекистон алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ўрнатилган самимий ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар ҳамкорликнинг кенгайишида муҳим рол ўйнамоқда.
Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари ва имзоланаётган ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг тобора мустаҳкамланиб бораётганини яққол кўрсатади. Буни икки давлат ўртасида имзоланган ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди. Ўзаро ҳамкорлик фақат сиёсий соҳа билан чекланмайди. Савдо, иқтисодиёт, гуманитар, таълим ва маданият йўналишларида ҳам муносабатлар жадал ривожланмоқда. Ҳукуматлараро комиссия фаолияти бу борада муҳим механизм вазифасини бажармоқда.
Мамлакатимиз ташқи сиёсатида устувор йўналишлардан бири Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларни янада мустаҳкамлашдир. Ўзбекистон бу жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга. Марказий Осиёнинг энг йирик ва жадал ривожланаётган давлатларидан бири бўлган Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги алоқалар Туркий давлатлари ташкилоти каби кўп томонлама платформалар доирасида ҳам муваффақиятли давом этмоқда.
Маданий-гуманитар алоқалар эса ушбу муносабатларнинг энг чуқур қатламини ташкил этади. Буюк мутафаккирлар Алишер Навоий ва Низомий Ганжавийнинг ижоди халқларимиз ўртасида маънавий кўприк вазифасини ўтаган. Навоийнинг “Хамса” асарини Низомий анъаналаридан илҳомланиб яратгани бу маданий яқинликнинг рамзий ифодасидир. Бакуда Навоий, Тошкентда Низомий ҳайкалларининг ўрнатилиши ўзаро ҳурматнинг ёрқин далилидир.
Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик янги мазмун касб этиб, янада кенг ҳудудни қамраб олмоқда. Айниқса, яшил энергетика, транспорт, логистика ва инфратузилма соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар келгусидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб бермоқда. Уч томонлама ва кўп томонлама ташаббуслар минтақада барқарорлик ва ривожланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигига берган қатъий қўллаб-қувватлови ҳам муносабатларнинг стратегик характерини яна бир бор тасдиқлайди. Қорабоғ можароси даврида Озарбайжоннинг адолатли позициясининг қўллаб-қувватланиши, шунингдек, озод этилган ҳудудларда олиб борилаётган тиклаш ва қурилиш ишларига қўшилган ҳисса бу биродарликнинг амалий ифодасидир.
Ўзбекистоннинг Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигига берган қатъий қўллаб-қувватлови ҳам муносабатларнинг стратегик характерини яна бир бор тасдиқлайди. Қорабоғ можароси даврида Озарбайжоннинг адолатли позициясининг қўллаб-қувватланиши, шунингдек, озод этилган ҳудудларда олиб борилаётган тиклаш ва қурилиш ишларига қўшилган ҳисса бу биродарликнинг амалий ифодасидир. Хусусан, 2008 йил 14 мартда БМТ Бош Ассамблеясида овозга қўйилган “Озарбайжоннинг босиб олинган ҳудудларидаги вазият” номли резолюция учун Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида ягона бўлиб “ҳа” деб овоз берган.
Шунингдек, 2021 йил 31 мартда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг видеоконференсия шаклида ўтказилган норасмий саммитида Президент Шавкат Мирзиёев Озарбайжонни Қорабоғнинг қайтарилиши ва тарихий адолатнинг тикланиши муносабати билан табриклаган. Фузулида қурилган Мирзо Улуғбек номидаги мактаб эса халқларимиз ўртасидаги дўстлик тимсолига айланган. 2022 йилда Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Тошкент марказида Умуммиллий лидер Ҳайдар Алиев хотирасига бағишланган бурчакнинг очилиши Ўзбекистон халқининг Озарбайжон халқига бўлган чинакам биродарлик муносабатининг ифодасидир.
Президент Илҳом Алиевнинг 2004 йил 23-24 март кунлари ушбу мамлакатга давлат ташрифи давомида “Озарбайжон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисида Баёнот” имзоланди. Стратегик шерикликнинг асосини ташкил этган ушбу ҳужжатда томонлар Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал этишга, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюциялари ва ЙХҲТ қарорларини бажаришга қатъий қўллаб-қувватлашларини билдирганлар.
Президент Илҳом Алиев 2024 йили Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида: “Барча ташрифлар Озарбайжон-Ўзбекистон муносабатларини нафақат икки томонлама асосда, балки Марказий Осиё ва Каспий минтақасини ўз ичига олган ягона географик маконда янги ҳамкорлик имкониятларини рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлашга сезиларли туртки берди”, дея таъкидлаган эди.
Ўзаро самимий муносабатлар нафақат икки давлат, балки бутун туркий дунёнинг ривожига муҳим ҳисса қўшмоқда. Ишончга асосланган биродарлик муносабатлари эса келажакда янада чуқурлашиб, халқларимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Банучичек Калбалиева,
Боку Давлат университети тадқиқотчиси,
“Шарқ” газетаси мухбири.
ЎзА