Ўзбекистон ва Ўмон муносабатлари тараққиётининг янги саҳифаси
Президент ташрифидан сўнг...
Бугунги мураккаб ва тез ўзгараётган халқаро муносабатлар тизимида ҳар бир давлатнинг тараққиёти, аввало, ички салоҳиятдан самарали фойдаланиш билан бирга, ташқи ҳамкорлик алоқаларини қай даражада тўғри йўлга қўйишига ҳам боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги муҳим воқеалардан бири сифатида алоҳида эътиборга лойиқ. Мазкур ташриф икки давлат ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ҳурмат ришталарини янги мазмун билан бойитиш, иқтисодий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, шунингдек, Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Хусусан, Ўзбекистон ва Ўмон муносабатлари тенг ҳуқуқлилик, ишонч ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланади. Ўмон Султонлиги халқаро майдонда тинчликпарварлик, мувозанатли ташқи сиёсат ва конструктив мулоқот тарафдори сифатида эътироф этилган. Ўзбекистон эса сўнгги йилларда очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат юритиш орқали нафақат минтақада, балки жаҳон ҳамжамиятида ҳам ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.
Икки мамлакат раҳбарларининг Масқат шаҳрида олий давлат мукофотлари билан тақдирланиши ҳам ўзаро алоқаларга берилаётган юксак сиёсий баҳо, халқларимиз ўртасидаги дўстликни ривожлантиришга бўлган қатъий интилишнинг ёрқин ифодасидир. Зеро, давлатлараро муносабатларда сиёсий ишонч алоҳида ўрин тутади. У нафақат дипломатик мулоқотларнинг барқарорлигини таъминлайди, балки узоқ муддатли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш ва йирик иқтисодий ташаббусларни илгари суриш учун ҳам қулай замин яратади. Бугун Ўзбекистон ва Ўмон муносабатларида айнан шундай янги босқич учун зарур сиёсий асос шакллангани алоҳида эътиборга молик.

Ўзбекистон ва Ўмон иқтисодиётларининг муҳим хусусияти шундаки, улар кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдирувчи салоҳиятга эга. Бу эса ҳамкорликни оддий товар айирбошлаш доирасидан чиқариб, саноат кооперацияси, инвестициялар, технологиялар трансфери ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.
Кейинги йилларда иқтисодиётни диверсификация қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хусусий сектор улушини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизни хорижий сармоядорлар учун янада жозибадор қилмоқда. Ўмон Султонлиги эса географик жиҳатдан ниҳоятда қулай жойлашуви, Ҳинд океани ва Араб денгизига чиқиш йўллари, замонавий портлари, ривожланган логистика тизими ҳамда халқаро инвестиция майдонидаги тажрибаси билан ажралиб туради.
Айниқса, Ўмоннинг Дуқм, Салола ва Соҳор каби йирик портлари мамлакатнинг халқаро савдо ва транзит салоҳиятини белгилаб берувчи муҳим инфратузилма объектлари ҳисобланади. Ушбу бандаргоҳлар орқали Жанубий Осиё, Шарқий Африка, Яқин Шарқ ва бошқа минтақа бозорларига тўғридан-тўғри чиқиш мумкин. Демак, Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти билан Ўмоннинг денгиз савдоси, логистика ва сармоявий имкониятларини ўзаро уйғунлаштириш ҳар икки мамлакатга катта иқтисодий самара келтиради.
Бундай ҳамкорликнинг амалий натижаси нафақат юк ташиш муддатларининг қисқариши, балки экспорт харажатларининг камайиши, маҳсулотлар рақобатбардошлигининг ошиши ва янги бозорларни ўзлаштиришда ҳам намоён бўлади. Энг муҳими, транспорт йўлакларини ривожлантириш икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари билан чекланиб қолмайди. Бу жараён бутун Марказий Осиё минтақасининг Кўрфаз давлатлари ва халқаро денгиз савдо тармоқларига интеграциялашувини кучайтиришга туртки беради.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун ҳали ишга солинмаган катта захиралар мавжуд. Ўзбекистон Ўмон бозорига тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак, мева-сабзавот, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, кимё саноати товарлари ва бошқа турдаги маҳсулотларни етказиб бериш салоҳиятига эга. Ўз навбатида, Ўмон орқали минтақавий ва халқаро бозорларга чиқиш, денгиз логистикаси хизматларидан фойдаланиш, шунингдек, мамлакатимизда талаб юқори бўлган айрим саноат жиҳозлари ва технологик ечимларни импорт қилиш бўйича шерикликни ривожлантириш мумкин.
Мазкур давлат ташрифининг аҳамиятини фақат икки томонлама муносабатлар доирасида баҳолаш тўғри бўлмайди. Унинг яна бир муҳим жиҳати Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасида шаклланаётган янги иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилганидир. Сўнгги йилларда ушбу икки минтақа ўртасидаги мулоқот сезиларли даражада фаоллашди. Олий даражадаги саммитлар, вазирлар учрашувлари, бизнес-форумлар ва инвестициявий мулоқотлар томонларнинг ўзаро қизиқиши тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
Бунинг объектив сабаблари бор. Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодий модернизация, саноатни ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини кенгайтириш ва ташқи бозорларга чиқишга интилаётган бўлса, Кўрфаз давлатлари иқтисодиётни диверсификация қилиш, нефть ва газ даромадларига қарамликни камайтириш, халқаро инвестиция портфелларини кенгайтириш ҳамда озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Шу жиҳатдан, икки минтақа манфаатлари ўзаро уйғун келади. Бир томонда – бой табиий ресурслар, саноат ва аграр салоҳият, инсон капитали ва истиқболли истеъмол бозорлари мужассам. Иккинчи томонда эса – молиявий ресурслар, инвестиция тажрибаси, денгиз портлари, халқаро логистика тармоқлари ва замонавий бошқарув амалиёти мавжуд.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўмон Султонлигига амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарибгина қолмай, Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги кўп қиррали интеграция жараёнларини мустаҳкамлашда муҳим геоиқтисодий кўприк вазифасини бажаради.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат,
соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА