Ўзбекистон ва Мўғулистон: Ишбилармонлик кўлами кенгаймоқда
Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон – Мўғулистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Мазкур тадбир стратегик шерикликни чуқурлаштириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятли.

Анжуманга икки мамлакат юқори мартабали расмий шахслари бошчилик қилгани ушбу мулоқот томонлар учун ўта муҳимлигидан далолат.
Форумда сўзга чиққанлар савдо-иқтисодий муносабатлар ривожининг ижобий суръатини алоҳида қайд этдилар. 2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистоннинг Мўғулистонга экспорти 15,6 фоизошди. Юртимизда ушбу давлат иштирокида 20корхона муваффақиятли фаолият кўрсатаётгани келгуси кооперация алоқалари учун мустаҳкам пойдевор яратган.

Тизимли ёндашув ва мавжуд салоҳиятни ишгасолиш орқали тез фурсатда ўзаро товар айирбошлаш қийматини 100 миллион доллардан ошириш мумкинлиги қайд этилди. Мақсадга эришиш учун тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани фаоллаштириш, савдодаги тўсиқларни бартараф этиш режалаштирилган.
Мулоқот давомида саноат кооперацияси устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари негизида Мўғулистон юнги ва кашмирини қайта ишлаш бўйича қўшма қувватлар очиш масаласи муҳокама қилинди. Айни ёндашув юқори қўшилган қийматга эга товар ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотни бошқа мамлакатларга экспорт қилиш имконини беради.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида асосий эътибор чорвачиликка қаратилди. 2029 йилга бориб Ўзбекистонда мўғул зотли қўйлар сонини 1 миллионга етказиш кўзда тутилган. Бу жараён ҳамкор мамлакат аграр секторига республикамизнинг иссиқхона хўжалиги ва томчилатиб суғориш тизими технологиясини жорий этиш билан бир вақтда амалга оширилади.
Логистика йўналишларини ривожлантириш мавзуси ҳам диққат марказида бўлди. Томонлар Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой – Мўғулистон йўлаги бўйлаб синов тариқасида юк ташувинийўлга қўйиш ниятини билдирдилар. Транспорт йўналишлари мувофиқлашуви харажатни сезиларли даражада камайтириб, ҳудудлар аротовар етказиб бериш вақтини қисқартиришга хизмат қилади.

– Ўзбекистон – Мўғулистон бизнес-форуми илк бор роуд-шоу форматида ташкил этилди, – дейди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бош мутахассиси Сайидабдуллоҳ Раҳимов. – Мазкур йирик тадбир ўтган йил давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келушувларнинг мантиқий давомидир. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестициявий янги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида икки томон ишбилармон доираларини қўллаб-қувватлаш. Бир жойда тўпланган 100 га яқин тадбиркор орасида Мўғулистоннинг 40 дан зиёд йирик компания ва тармоқ вакиллари,ишбилармонлар бор. Хорижий делегация аъзолари мамлакатимизга ташрифи доирасида йирик саноат технопарклари, агрокластерлар, озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи йирик корхоналар билан яқиндан танишди. Мулоқотлар давомида кўплаб икки томонлама шартномалар имзоланди.
Геология ва минерал ресурслар соҳаси шериклик ривожининг янги омили сифатида эътироф этилди. Айни йўналишда Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон Геология вазирлиги ваколатхонаси очилди. “Мон-Атом” компанияси билан бирга Мўғулистон ҳудудидаги уран конларини ўзлаштириш лойиҳаси устида фаол иш олиб борилмоқда.
Қайд этиш керак, Мўғулистон делегацияси таркибида фармацевтика ва озиқ-овқат саноатига ихтисослашган “Suzur Health Med”, чорвачилик йўналишидаги “Prime Nomadic Meat”, қурилиш билан шуғулланувчи “Tsamkhag Construction”, тўқимачиликка йўналтирилган “Khos Art”, юқори технологиялар соҳасидаги “New Tech Mandala”сингари иқтисодиётнинг турли муҳим тармоқларидаги етакчи компания раҳбарлари бор.
Форум доирасида ташкил қилинган В2В ва G2B форматидаги учрашувлар чоғида келгуси лойиҳаларнинг аниқ рўйхати шакллантирилиб, қўшма инвестициявий ташаббусларни қўллаб-қувватлайдиган, доимий ишлайдиган механизм яратишга келишиб олинди.
Гўзал Сатторова, ЎзА