Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида ҳамкорлик ривожланмоқда
Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар изчил ривожланиб, янги босқичга кўтарилди.
Малайзия географик жиҳатдан Малай ярим оролида жойлашган. Шу боисдан мамлакатимиз Малайзия билан ҳамкорлик қилиш орқали катта бозорга кириш имконини беради. Малайзияда Малакка транспорт йўлаги мавжуд. Малакка йўлаги – стратегик жойлашувга эга. Чунки у Жанубий Хитой денгизини Ҳинд океанини, шунингдек, Европа ва Шарқий Осиё ўртасидаги савдо йўлларини боғлайди.
Ушбу коридор дунёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган мамлакатлар – Ҳиндистон, Хитой ва жадал ривожланаётган АСЕАН минтақаси ўртасидаги транспорт алоқалари учун жуда муҳим.
Бугунги кунда АСЕАН ташкилотига 10 мамлакат аъзо. Ўз навбатида бу давлатлар билан ҳам савдо иқтисодий алоқаларни ривожлантириш имкониятларини беради.
Малайзиянинг Ўзбекистонга экспортининг асосий йўналишлари ёғ-мой, машина ва транспорт эҳтиёт қисмлари, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари ҳисобланади. Ўз навбатида, Ўзбекистондан Малайзияга кимё, тўқимачилик ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга ва фойдаланилмаган юқори салоҳиятга эга икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилади.
Меҳрожиддин Дархонов, журналист