
Куала-Лумпур шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги делегацияси Малайзиянинг Тадбиркорлик ва кооперативларни ривожлантириш вазири ўринбосари Датук Сери Р.Раманан билан учрашув ўтказди.
Учрашувда кичик ва ўрта бизнесларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда атроф-муҳит, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳалол сертификация саноатини ривожлантириш, туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, икки давлат тадбиркорлари ўртасида тажриба алмашишга алоҳида аҳамият қаратди.
Тизимли семинарлар ташкил қилиш ва ўзаро ташрифларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Тадбирда мазкур ҳамкорлик икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаб, барқарор ривожланишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА