Ўзбекистон ва Малайзия: ишончли сиёсий мулоқот ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди
Олий Мажлис Сенатига Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳам Туа бин Иллиас ташриф буюрди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги дўстона муносабатларнинг бугунги ҳолати ҳамда уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги фаол ва ишончли сиёсий мулоқот ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққани алоҳида таъкидланди.
Инвестициялар, ҳудудлараро ҳамкорлик, таълим, илм-фан, инновациялар ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги алоқаларнинг ижобий суръатлари эътироф этилди. Парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакат парламентларида ташкил этилган парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳлар фаолиятини кенгайтириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш ва парламент дипломатиясини янада фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА