Божхона қўмитасида Ўзбекистон ва Малайзия божхона хизмати раҳбарларининг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.
Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Анис Ризана хоним Малайзия божхона хизматининг Ўзбекистонга ташриф буюрган илк раҳбари бўлганини эътироф этди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг шу йилнинг февраль ойида Малайзияга амалга оширган ташрифи давомида 2025-2026 йиллар “Ўзбекистон – Малайзия шериклигини инновацион ривожлантириш даври” деб эълон қилинган эди. Бу эса иккала давлат ўртасида барча йўналишларда, шу жумладан, божхона хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга асосий туртки бўлмоқда.
Учрашувда божхона органлари фаолиятига жорий қилинган Малайзиянинг “Миллий ягона ойна” ҳамда Ўзбекистоннинг “Ягона дарча” ахборот тизимлари юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, шу орқали Ўзбекистонда 2027 йилга қадар ишга туширилиши режалаштирилган “ГАТE” платформасини янада мукаммал ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, Малайзия билан тобора ўсиб бораётган ташқи савдо айланмаси товарларнинг божхона расмийлашувини янада тезлаштиришни тақозо қилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон томони экспорт маҳсулотлари ва уларнинг келиб чиқиш мамлакатини тасдиқловчи сертификатлар ҳақида олдиндан маълумотлар алмашинувини йўлга қўйишни ҳамда иккала давлат ўртасида ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш таклифларини илгари сурди.
Ўзбекистон ва Малайзия божхона хизматида ҳамкорлик кучайтирилади. Ўз ўрнида мазкур амалиёт, товарлар божхона расмийлаштирувини кескин соддалаштиришга, қолаверса, мамлакатларимиз ўртасидаги ташқи савдонинг ўсишига хизмат қилиши таъкидланди.

Божхона хизмати учун истиқболли ёш кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналиши ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Томонлар ёш мутахассисларимизни тайёрлаш жараёнида илғор тажрибаларни ўзаро ўрганиш мақсадида, ўқув муассасаларимиз ўртасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича Меморандум ишлаб чиқиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Учрашувда хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш борасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Ш.Маматуропова, ЎзА