Ўзбекистон ва Корея дори хавфсизлиги бўйича муҳим келишувларга эришди
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузуридаги "Gustave Roussy International" Ўзбекистон тиббиёт маркази ҳамда Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази ўртасида травматология ва ортопедия соҳасида ҳамкорлик ҳамда стратегик шериклик меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат икки марказнинг клиник, илмий ва таълим салоҳиятини бирлаштириш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ҳамда тиббий хизмат сифатини янада оширишга қаратилган.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида миллий терма жамоалар спортчиларига юқори малакали онкологик ва радиологик ёрдам кўрсатиш, тезкор диагностика ҳамда мутахассислар консилиумини ташкил этиш, шунингдек, травматология ва ортопедия билан боғлиқ мураккаб ҳолатларда беморларни ихтисослаштирилган текширувга йўналтириш белгиланди. Шу билан бирга, қўшма илмий-амалий тадқиқотларни ривожлантириш, шифокорлар ўртасида илғор амалиётларни алмашиш ҳамда конференция ва таълим дастурларини амалга ошириш кўзда тутилди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида Корея Республикасининг Озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлиги вазирлиги ҳамда Глобал уйғунлаштириш маркази вакиллари билан ўтказилган учрашувда жорий йилнинг сентябрь ойида имзоланган меморандум ижроси ҳамда 2026-2027 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси муҳокама қилиниб, дори воситалари экспертизаси, халқаро стандартларни жорий этиш ва соҳани рақамлаштириш йўналишларида муҳим келишувларга эришилди.
Мулоқот чоғида жорий йил ноябрь-декабрь ойларида мутахассисларнинг халқаро ўқув дастурида қатнашиши, шунингдек, 2027 йилдан бошлаб етакчи кореялик марказлар билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш кўламини янада кенгайтириш масалалари белгилаб олинди.
***
Тошкент давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, илмий-методик ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Янгиер Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида бўлиб, таълим сифатини оширишга қаратилган қўшма иш режа имзолади.
Сафар доирасида университетнинг Госпитал ортопедик стоматология кафедраси олимлари томонидан ўқувчилар учун очиқ дарслар ва маҳорат машғулотлари ташкил этилиб, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА