Ўзбекистон ва Колумбия учрашувини Энтони Тейлор бошқаради
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтаётган футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг биринчи тур учрашувлари давом этмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор мундиал финал босқичида иштирок этмоқда. Фабио Каннаваро қўл остидаги жамоамиз “К” гуруҳида Португалия, Колумбия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоалари билан рақобатлашади.
Терма жамоамиз мундиалдаги дебют учрашувини 18 июнь куни Мексика пойтахти Мехико шаҳридаги “Ацтека” стадионида Колумбияга қарши ўтказади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 07:00 да бошланади.
ФИФА қарорига кўра, мазкур учрашувни англиялик таниқли ҳакам Энтони Тейлор бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюртлари Гари Бесвик ва Адам Нанн ёрдам беради. Тўртинчи ҳакам сифатида Коста-рикалик Хуан Кальдерон, захира ёрдамчи ҳакам сифатида эса унинг ҳамюрти Хуан Карлос Мора фаолият олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА