Ўзбекистон ва Италия қурилиш ҳамда шаҳарсозлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Италия ўртасида қурилиш, архитектура, шаҳарсозлик ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов Италия Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Гвидо де Санктис билан учрашди.
Мулоқот аввалида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов элчини Ўзбекистондаги дипломатик фаолияти бошлангани билан самимий табриклаб, масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Учрашув давомида икки мамлакат ўртасида қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, архитектура ва шаҳарсозлик йўналишларида илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Томонлар ҳудудларни барқарор ривожлантириш, замонавий урбанистика тамойилларини кенг жорий этиш, энергия тежамкор ва экологик қурилиш технологияларидан фойдаланиш, биноларнинг сейсмик барқарорлигини ошириш ҳамда коммунал инфратузилмани модернизация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Шунингдек, Италиянинг архитектура ва муҳандислик соҳаларида тўплаган илғор тажрибасини ўрганиш, уни мамлакатимиз шароитига мослаштирган ҳолда амалиётга татбиқ этиш юзасидан фикр алмашилди. Бу борада соҳа ташкилотлари, илмий муассасалар ва ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни кенгайтириш, мутахассислар иштирокида қўшма семинарлар, малака ошириш дастурлари ва амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қурилиш соҳасида инновацион ёндашувларни жорий этиш, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ва халқаро тажрибани кенг татбиқ этиш мамлакатимизда шаҳарсозлик сиёсати ва қурилиш тармоғини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишлар бўйича ишчи алоқаларни изчил давом эттириш, истиқболли ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш ҳамда уларни аниқ амалий лойиҳаларга айлантириш юзасидан келишувга эришди.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА