Ўзбекистон ва Иордания — Марказий Осиё ва Яқин Шарқнинг ўзаро яқинлашувига янги суръат бағишлаётган давлатлар
Халқаро муносабатлар ўзгариб бораётган шароитда Марказий Осиёнинг қўшни минтақалар, жумладан, Яқин Шарқнинг етакчи мамлакатлари билан шериклиги алоҳида долзарблик касб этмоқда.
Ушбу шерикликнинг мазмунини тобора савдо ва инвестициялар ҳажмидан кўра саноат кооперацияси, технологик ривожланиш ва муштарак маънавий меросни асраб-авайлаш вазифалари белгиламоқда.
Шу нуқтаи назардан, Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий устувор йўналишларида алоҳида ўрин тутади. Икки мамлакат ўртасида 1993 йил февраль ойида ўрнатилган дипломатик алоқалар ҳамкорликнинг асосий соҳаларини қамраб олган изчил ва кўп қиррали муносабатларга айланди.
Сиёсий яқинлашув ва минтақавий дипломатия
Ўзбекистон–Иордания алоқаларининг изчил мустаҳкамланиши кўп жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг сиёсий иродаси билан белгиланади. Айнан уларнинг олий даражадаги ишончли мулоқоти туфайли мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ривожига кучли суръат бағишланди.
Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг 2025 йил 25–26 август кунлари Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи тарихий босқич бўлди. Етакчиларнинг Самарқанддаги илк музокаралари кенг қамровли шерикликка ўтишни белгилаб берди. Ташриф якунида Қўшма баёнот ҳамда инвестициялар, савдо, қишлоқ хўжалиги, таълим ва бошқа йўналишларни қамраб олган 15 та ҳужжатдан иборат тўплам қабул қилинди. Шунингдек, Самарқанд саммитида томонлар БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ёндашувларни мувофиқлаштиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Шу билан бирга, Тошкент Аммоннинг тинчликни таъминлашга қаратилган глобал ташаббусларини изчил қўллаб-қувватламоқда. Улар орасида Подшоҳ Абдулла II ташаббуси билан йўлга қўйилган «Ақаба жараёни» — хавфсизлик ва терроризмга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро ҳамкорлик платформаси — алоҳида ўрин тутади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил ноябрь ойида Остона шаҳрида «Ақаба жараёни» доирасида ўтказилган Марказий Осиё мамлакатлари ва Иордания етакчилари учрашувида қатнашгани Ўзбекистоннинг ушбу жараёнга фаол жалб этилганини амалда тасдиқлади. Мазкур учрашувда давлатимиз раҳбари навбатдаги йиғилишлардан бирини Самарқандда ўтказиш таклифини илгари сурди.
Сиёсий мулоқот 2025 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси доирасида, шунингдек, 2026 йилда Ўзбекистон ва Иордания парламентлари ҳамда ташқи сиёсат идоралари вакиллари ўртасидаги учрашувларда давом эттирилди. Алоқаларнинг бундай жадаллиги амалий шериклик учун мустаҳкам институционал асос яратмоқда. Ушбу асосга таянган ҳолда, Иордания Ўзбекистон учун араб дунёси билан ҳамкорликни кенгайтиришнинг муҳим йўналишига, Тошкент эса Аммоннинг Марказий Осиёдаги ҳамкорига айланиши мумкин.
Иқтисодий ҳамкорлик: савдодан қўшма ишлаб чиқаришга
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги ўзаро савдо барқарор ўсиб бормоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2017–2025 йилларда товар айирбошлаш ҳажми 10 баробардан зиёд ошган. Бундай сезиларли ўсиш бизнес вакилларининг тўғридан-тўғри алоқаларга қизиқиши ортиб бораётганини тасдиқлайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокидаги 18 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ишбилармонлар кенгаши ишбилармон доиралар ўртасида мулоқотни йўлга қўйишнинг самарали механизми бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳозирги вақтда томонлар ўзаро товар етказиб бериш ҳажмини шунчаки оширишни эмас, балки юқори қўшилган қиймат яратишга қаратилган саноат кооперациясига ўтишни стратегик мақсад сифатида белгилаган. Иордания иқтисодиётининг фармацевтика, кимё саноати ва хизматлар каби тармоқларга ихтисослашуви Ўзбекистоннинг саноат ва ресурс базасини самарали тўлдириб, учинчи мамлакатлар бозорларини биргаликда ўзлаштириш учун замин яратади.
Мазкур йўналишлар ва ҳамкорликнинг аниқ механизмлари 2026 йил апрель ойида саноатлаштириш, агросаноат мажмуаси, фармацевтика ва логистика масалаларига бағишланган Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишида атрофлича кўриб чиқилди. Шунингдек, томонлар преференциал савдо тўғрисидаги битим лойиҳаси устида иш бошланганини тасдиқлади.
Фармацевтика тармоғи ҳамкорлик энг пухта йўлга қўйилган йўналиш ҳисобланади. Иордания компанияларининг халқаро стандартларга мувофиқ дори воситалари ишлаб чиқариш тажрибаси Ўзбекистонга талаб юқори бўлган дори воситаларини ишлаб чиқариш, технологиялар трансферини амалга ошириш, импорт ўрнини босиш ва Марказий Осиёга экспортни кенгайтириш вазифаларини ҳал этиш имконини беради. Ўзбекистон томонининг 2025 йил сентябрь ойида «Dar Al-Dawa» компанияси (1975 йилда ташкил этилган, 40 дан ортиқ мамлакатга маҳсулот етказиб беради) билан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва сифат назорати тизимларини жорий этиш истиқболлари юзасидан ўтказган музокаралари бундай лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш юқори эканини тасдиқлади.
2026 йил июль ойида Аммон ва Тошкент ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри авиақатновларнинг йўлга қўйилиши икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. «Royal Jordanian» авиакомпанияси ҳафтасига икки марта амалга ошириладиган рейсларни йўлга қўйди. Бу тадбиркорлар, сайёҳлар ва бошқалар учун сафар логистикасини сезиларли даражада соддалаштирди.
Бироқ икки мамлакатнинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлиги фақат йўловчи ташиш билан чекланмайди. Тошкент учун янги транзит йўлакларини излаш узоқ муддатли асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу нуқтаи назардан, Иорданиянинг Ақаба порти ва Подшоҳликнинг араб давлатлари билан тузган кенг қамровли савдо битимлари тизими Ўзбекистон учун стратегик аҳамият касб этиши мумкин. Мазкур афзалликлар Иорданияни Ўзбекистон маҳсулотларини Яқин Шарқ ва Африка бозорларига олиб чиқиш учун истиқболли логистика маркази сифатида кўриб чиқиш имконини беради.
Умуман олганда, Тошкент ва Аммон ўртасидаги ҳамкорлик салоҳияти икки томонлама кун тартиби доирасидан анча кенгдир. Ҳар икки томон бир-бири учун минтақадаги ишончли таянч ва иқтисодий манфаатларни илгари сурувчи ҳамкор бўлиши мумкин. Хусусан, Марказий Осиёнинг жадал ривожланаётган давлатларидан бири бўлган Ўзбекистон Иордания бизнесини қўллаб-қувватлаб, унинг минтақада фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратиши мумкин.
Имкониятларнинг бундай уйғунлашуви Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкани бирлаштирувчи барқарор иқтисодий алоқалар тизимини босқичма-босқич шакллантириш имконини беради.
Маданий алоқалар: ишонч пойдевори ва тарихий цивилизациялар мулоқоти
Ўзбекистон ва Иорданияни бой исломий маънавий мерос, илм-фанга чуқур ҳурмат ва маданий анъаналарни асраб-авайлашга интилиш бирлаштириб туради. Ушбу муштараклик етакчи таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликда амалий ифодасини топмоқда. Хусусан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Иорданиянинг Жаҳон ислом илмлари ва таълим университети ўзаро шерикликни англашув меморандуми билан мустаҳкамлади.
Академик алмашинувлар ва қўшма лойиҳалар икки мамлакат олимларининг илмий салоҳиятини бирлаштириб, ислом цивилизацияси, тарих ва арабшуносликни ўрганиш учун янги имкониятлар очмоқда. Бундай ёндашув нафақат илғор услублар алмашинувига кўмаклашади, балки халқаро майдонда исломнинг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб эта оладиган тадқиқотчиларнинг янги авлодини шакллантиришга ҳам ёрдам беради.
Маданий мулоқот ҳам шу қадар жадал ривожланмоқда. Иордания санъат намояндалари Ўзбекистонда ўтказилган нуфузли халқаро мақом ва халқ амалий санъати фестивалларида иштирок этди.
Мунтазам кўргазмалар, илмий конференциялар ва ижодий учрашувлар ушбу алоқаларни мустаҳкамлаш имконини беради. Улар Тошкент ва Аммон ўртасида жонли кўприк бўлиб, муштарак тарихий меросни замонавий илм-фан, маданият ҳамда Ўзбекистон ва Иордания халқлари ўртасидаги дўстликни ривожлантиришга кучли туртки берувчи омилга айлантиради.
Сув хавфсизлиги: умумий муаммолар асосидаги шериклик
Иорданиянинг ўзига хос хусусиятларини акс эттирувчи яна бир йўналиш — сувдан оқилона фойдаланишдир. Подшоҳлик чучук сув танқислиги энг кескин бўлган мамлакатлар қаторига киради. Истеъмолнинг ортиши, қурғоқчилик ва иқлим ўзгариши сув тежовчи технологияларни жорий этиш, тармоқларни модернизация қилиш ва янги ечимларни қўллашни талаб этмоқда.
Халқаро валюта жамғармаси баҳоларига кўра, Иорданияда қайта тикланувчи сув ресурслари аҳоли жон бошига йилига атиги 60 куб метр атрофида бўлиб, мутлақ сув танқислиги чегараси 500 куб метрни ташкил этади. Ақабадан тузсизлантирилган сув етказиб бериш лойиҳаси йилига 300 миллион куб метр сув етказишни назарда тутади ва мамлакатнинг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжининг қарийб 40 фоизини таъминлаши лозим.
Ўз навбатида, Ўзбекистон сув тежовчи технологияларни ривожлантириш ва жорий этишда катта салоҳиятга эга. Сўнгги йилларда мамлакат қишлоқ хўжалигида анъанавий суғориш усулларидан замонавий суғориш тизимларига фаол ўтилмоқда. Агар 2017 йилда бундай технологиялар 28 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, бугунги кунда улар 2,8 миллион гектарни, яъни республикадаги жами суғориладиган ерларнинг қарийб 60 фоизини қамраб олган. Ушбу усулларни қўллаш ҳар йили қарийб 5 миллиард куб метр сувни тежаш имконини бермоқда. 2028 йилга қадар эса мамлакатдаги суғориладиган майдонларнинг 80 фоизигача бўлган қисмини сув тежовчи технологиялар билан қамраб олиш режалаштирилган.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Иорданиянинг сув тежовчи технологиялар соҳасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш самарали ва истиқболлидир, чунки ҳар икки давлат бу борада ўзининг қимматли амалий тажрибасига эга.
Келишувлардан барқарор натижаларга
2025–2026 йилларда муносабатларнинг фаоллашуви молиявий ресурслар кўламига эмас, балки томонларнинг ўзига хос устунликлари бир-бирини тўлдиришига асосланган шериклик моделини шакллантирмоқда. Иордания дипломатик тажрибаси, фармацевтика, тиббий хизматлар ва сув танқислигини бошқариш соҳаларидаги билим ва кўникмаларини, Ўзбекистон эса ўсиб бораётган бозори, ишлаб чиқариш қувватлари, аграр салоҳияти ва Марказий Осиёдаги иқтисодий алоқаларини таклиф этмоқда.
Ушбу имкониятларни уйғунлаштириш асосида фармацевтика маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, сув тежаш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш, илмий-таълим дастурларини ривожлантириш ҳамда ҳамкорликнинг асосий соҳаларидаги ташаббусларни мувофиқлаштириш устувор йўналишлар сифатида илгари сурилмоқда.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Иордания иқтисодий кооперация сиёсий-дипломатик мулоқот, шунингдек, сув хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш ва муштарак маънавий меросни асраб-авайлаш соҳаларидаги ҳамкорлик билан тўлдириладиган ўзига хос шериклик тизимини шакллантириш учун барча зарур шарт-шароитларга эга. Томонларнинг ушбу салоҳиятни аниқ лойиҳаларда рўёбга чиқариш қобилияти икки томонлама алоқаларнинг барқарорлиги ва амалий аҳамиятини белгилайди.
Камолов Сарвар,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими.
ЎзА