
2025 йил 1 июндан Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ўзаро визасиз режим жорий этишга доир ҳукуматлараро Битим кучга киради. Мазкур ҳужжат бўйича зарур ички тамойиллар якунланди.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расман хабар берди.
Келишув икки давлат фуқароларининг ўзаро визасиз кириб-чиқиши ва транзит амалга ошириши тартибини белгилайди. Бундан буён ўзбекистонликлар ва хитойликлар ўзаро визасиз ҳар бир сафар учун 30 кундан ошмаган муддатда, ҳар қандай 180 кунлик даврда эса жами 90 кунгача сафарда бўлишлари мумкин. Aгар фуқаро 30 кундан ортиқ қолишни режалаштирса, олдиндан кириш визаси олиш талаб қилинади.
Мазкур қоида ўқиш, меҳнат ва медиа фаолияти каби томонлар ваколатли идоралари рухсати тақозо этиладиган ҳолатларга нисбатан қўлланмайди. Битим Хитой Халқ Республикасининг махсус маъмурий ҳудудлари – Гонгконг ва Макаога нисбатан амал қилмайди.
Эслатиб ўтамиз ушбу ҳужжат 2024 йил 1 декабрь куни Хитойнинг Ченгду шаҳрида имзоланган.
М.Сайфуллаев, ЎзА