Ўзбекистон ва Хитой ўртасида кинематография соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Барча соҳаларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар маданият тизимида ҳам ўз аксини топмоқда. Бунинг самарасини янгиланаётган тизим ва тобора кўлами кенгайиб бораётган халқаро ҳамкорликларда кўриш мумкин.
Ана шундай ҳамкорликларнинг узвий давоми ўлароқ, Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов Хитойнинг Гуоли Медиа Гроуп компанияси Директорлар кенгаши раиси Дин Сяотсян бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасида кинематография соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, хусусан, қўшма кино лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Хитойда фаолият юритаётган замонавий кино шаҳарчалари, уларнинг техник ва ижодий имкониятлари, шунингдек, кино маҳсулотларини прокатга чиқариш тизимини самарали ташкил этиш бўйича илғор тажрибалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, Хитой делегацияси аъзолари "Ўзбекфильм" киностудиясида бўлиб, унинг мавжуд инфратузилмаси, техник имкониятлари ҳамда кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш салоҳияти билан яқиндан танишдилар.
Томонлар кинематография соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурдилар. Натижада ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлган келишувларга эришилди.
Шербек Исломов, ЎзА