Ўзбекистон ва Хитой: ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Хитойда расмий ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ҳамда Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун бошчилигидаги делегациялар ўртасида икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.
Томонлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва ХХР Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасида 2026 -2027 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси” ижросини изчил давом эттириш ҳамда “Марказий Осиё - Хитой” форматидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Учрашув давомида Хитой ҳукумати ва Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди.

Айниқса, ИИВ Академияси Инновацион таълим маркази соҳа учун замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашувда асосий эътибор терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, уюшган ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилди.
Шунингдек, киберхавфсизлик ва рақамли криминалистика йўналишида илғор тажриба алмашиш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Биометрик идентификация, замонавий криминалистика технологиялари, полиция авиацияси ва дронлардан фойдаланиш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Дўстона ва конструктив руҳда ўтган учрашувда юқорида қайд этилган кўплаб йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА