
Бугун Геология фанлари университети ҳузуридаги “Минерал ресурслар институти” давлат муассасасида Хитой Геологик хизмати Сиан маркази вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, геология соҳасидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ва ахборот платформаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.
Учрашувда Ўзбекистондаги минерал хомашё базасини янада бойитиш, геологик қидирув ишларида замонавий технологиялардан фойдаланиш ҳамда соҳага хорижий тажриба ва инновацияларни татбиқ этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Маълумот учун, Хитой Геологик хизмати Сиан маркази мамлакатдаги энг нуфузли илмий марказлардан бири ҳисобланади. Марказ геология, минералогия, гидрогеология ва сейсмология тизимлари бўйича кенг кўламли тадқиқотлар олиб боради. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик лойиҳаларида фаол иштирок этиб, минерал ресурсларни аниқлаш ва қайта ишлаш борасида кенг қамровли илмий-амалий ечимлар таклиф қилади.
Томонлар республика ҳудудида қўшма тадқиқотлар ўтказиш, кадрлар малакасини ошириш, ўқув-илмий дастурлар ишлаб чиқиш, ҳамда экспертлар ўртасида доимий мулоқотни таъминлаш юзасидан келишувга эришди.
Учрашув якунида иштирокчилар геология соҳасидаги икки томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш, илм ва инновация уйғунлигида самарали натижаларга эришиш муҳимлигини қайд этди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА