Ўзбекистон ва Ҳиндистон: кино санъати соҳасида ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда
Тошкентда “Аёллик фасли” Ҳиндистон кино фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, ушбу мамлакатнинг Ахборот ва радиоэшиттириш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда ўзбек ва ҳинд кино санъати вакиллари, ихлосмандлар иштирок этди.
Маросим аввалида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант хоним, Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, ҳинд кино режиссёри Умеш Меҳра ва бошқалар икки мамлакат ўртасидаги дўстона алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани ва бу кино санъати ривожида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, фестиваль 13-15 март кунлари Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги кино саройида бўлиб ўтади. Тадбир доирасида "Курашчи", "Ҳаёт қадри", "Буюк Танви" каби аёллар ҳаётига бағишланган машҳур фильмлар намойиш этилади. Ушбу фестиваль томошабинларга жамият қарашларини шакллантиришда аёлларнинг илҳомлантирувчи ролини кўрсатиб берадиган ажойиб фильм тажрибасини тақдим этади.
Смита Пант хоним қайд этганидек, ушбу фестиваль турли образлар ва ҳикоялар асосида аёллар ҳаётидаги қийинчиликлар, улар енгиб ўтаётган тўсиқлар ва инсонлар ўртасидаги ҳиссий боғлиқликни ёритиб беради.
– Аёллар ҳақида сўз юритар эканмиз, мен машҳур шоира Зулфиянинг сўзларини эслайман. У аёлни қалбнинг энг самимий овози сифатида таърифлаган. Ўтган йили биз гендер тенгликка қаратилган фильмларни намойиш этган эдик. Бу йил эса аёлларнинг тенглик учун кураши ва муваффақият сари босиб ўтаётган йўли ҳақидаги фильмлар тақдим этилади. Жумладан, "Буюк Танви" ҳақиқий ҳаётий воқеалар асосида яратилган, “Тану ва Ману” эса руҳий саломатлик ва кўпинча очиқ гапирмайдиган ички кечинмалар ҳақида ҳикоя қилади. Шунингдек, яна бир фильм ёш аёлнинг ҳаёти ва жамиятдаги стереотипларга қарши курашини ёритади. Ушбу фильмлар аёллар, уларнинг ҳуқуқлари ва ҳис-туйғулари ҳақида самимий мулоқотга туртки беради, деб умид қиламиз.
Аёллар билан боғлиқ масалалар жамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва ҳамжиҳатлигини талаб қилади. Ҳиндистонда, 1,4 миллиард аҳоли яшайдиган мамлакатда, аёллар аҳолининг деярли ярмини ташкил этади. Шу боис, ижтимоий ҳаётни инклюзив ва адолатли қилиш учун кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда ҳам аёллар жамият ривожида муҳим ўрин тутади. Шунингдек, мамлакатларимиз аёл тадбиркорлари, инвесторлар ва спортчилари ўртасида ҳамкорлик ривожланмоқда. Бу эса бизни қувонтиради, – деди элчи хоним.
Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев мамлакатимиз ва Ҳиндистон ўртасида кино санъати соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки давлат кинематографияси ўртасидаги алоқалар нафақат фильмлар, сериаллар ва фестиваллар, балки режиссёрлар, актёрлар ва техник мутахассислар ўртасидаги тажриба алмашинуви натижасида ҳам кенгайиб бормоқда.
[gallery-28107]
– “Аёллик фасли” Ҳиндистон кино фестивалининг очилиши ҳам бу каби ҳамкорликка кенг йўл очади. Ҳинд кино санъати дунёда ўз ўрнига эга ва унинг тажрибаси Ўзбекистон кинематографлари учун катта илҳом манбаи бўлади. Биз турли ҳамкорлик дастурлари ва қўшма лойиҳалар асосида бу икки мамлакат кино санъатида янгича имконларни очишга интилаяпмиз. Кино соҳасидаги ҳамкорлик нафақат санъатни ривожлантириш, балки икки халқ маданий алоқаларини ҳам мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Қўшма лойиҳалар ва фестиваллар режиссёрлар ва актёрлар учун янги тажриба орттириш имкониятини яратади. Бу эса нафақат замонавий кинонинг сифати ва профессионал тайёргарлигини оширишга ёрдам беради, балки халқаро миқёсда Ўзбекистон фильмларининг аудиториясини кенгайтириш ва дунё кинематографиясидаги нуфузини оширишга ҳам хизмат қилади, – деди у.
Маросим доирасида “Кино орқали ижтимоий қарашлар ва ҳикояларни шакллантириш ҳамда ўзгартиришда аёлларнинг таъсири” мавзусида панель муҳокамаси ҳам ташкил этилди.
Тадбир давомида таниқли ҳинд актёри Амир Хон ва киноижодкор Гаури Шинденинг видео табриги йўлланди. Ҳинд қўшиқлари ва рақслар ижроси эса иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА