Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида Бизнес кенгаши ташкил этилади
Гонконг махсус маъмурий ҳудуди Администрацияси раҳбари Жон Ли Каччиу бошчилигидаги делегация Марказий Осиёда бўлиб турибди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Гонконг Бош савдо палатаси (HKGCC) ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий алоқани мустаҳкамлаш ҳамда инвестициявий шерикликни кенгайтиришга қаратилган.
Томонлар ўртасидаги ҳамкорлик бўйича музокаралар жорий йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиевнинг Гонконг Бош савдо палатасига ташрифи чоғида бошланган. Кейинчалик қатор учрашув ва музокаралар давомида изчил давом эттирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегациясининг май ойида Гонконгга ташрифи ҳам мазкур ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.
Имзоланган меморандумга мувофиқ, Ўзбекистон – Гонконг Бизнес кенгаши ташкил этилади. Кенгаш икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш, янги бизнес алоқаларини шакллантириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш ҳамда савдо ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабарига кўра, келгусида томонлар бизнес-форум, B2B учрашув, тажриба алмашиш тадбирлари ва савдо миссияларини ташкил этиш орқали икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада фаоллаштиришни режалаштирмоқда.
Б.Худойбердиев, ЎзА