Ўзбекистон ва Эрон аграр соҳадаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олди
Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров Эрон Ислом Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўсимликчилик масалалари бўйича ўринбосари Мажид Анжафий билан видеоконференция шаклида учрашув ўтказди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги аграр соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар ўсимликчилик, уруғчилик, боғдорчилик, чорвачилик, балиқчилик соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, замонавий агротехнологиялар, қишлоқ хўжалиги техникалари ва инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, илмий тажриба алмашинувини кенгайтириш, қўшма илмий ва амалий лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар тайёрлаш ҳамда илғор технологиялар алмашинувини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида икки давлат ўртасидаги аграр ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштириш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА