Ўзбекистон ва Британия: 46 лойиҳа ва янги иқтисодий имкониятлар
Тошкентда Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма иқтисодий қўмитасининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқалари кўламини кенгайтириш, ўзаро сармоя жалб этиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Анжуманга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Буюк Британия савдо бўйича давлат вазири Анас Сарвар ҳамраислик қилди. 2026 йил январь-август ойларида икки мамлакат ўртасида товар айирбошлаш 12,6 фоиз ўсиб, қарийб 250 миллион долларга етгани мамнуният билан қайд этилди.
Музокарада маҳсулотларимизни Қироллик бозорига олиб чиқиш, сертификатлаш тартибини соддалаштириш, савдо жараёнидаги тўсиқларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Британиянинг ривожланаётган мамлакатлар учун савдо преференцияси тизими – DCTS имкониятидан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
[gallery-31850]
Томонлар биргаликда 46 лойиҳа амалга ошириш, “UK Export Finance” иштирокида молиялаштириш механизмини кенгайтириш, шунингдек муҳим минераллар, электр техникаси, фармацевтика ва транспорт машинасозлиги бўйича шерикликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида савдо, инвестиция, саноат, рақамли технология, молия ва соғлиқни сақлаш соҳаларида эришилган келишувларни мустаҳкамлашга қаратилган баённома имзоланди.
Мусулмон Зиё,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА