Ўзбекистон ва Беларусь адлия вазирлари учрашди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги таклифига биноан Беларусь Республикаси адлия вазири Сергей Хоменко бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюрди.
Ташрифдан мақсад мавжуд муносабатларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш орқали икки давлат адлия вазирликлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдир.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Беларусь Адлия вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик 2021 йил 19 майда Москва шаҳрида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосан амалга оширилмоқда.
Ташриф доирасида Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов ва Беларусь Республикаси адлия вазири Сергей Хоменко ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида адлия ва ҳуқуқ, шунингдек, давлат бошқарувининг ижтимоий-иқтисодий соҳаларидаги кенг кўламли ислоҳотлар, уларни амалга оширишда адлия органларининг роли ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Учрашув якунида томонлар ўртасида 2023 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди. Мазкур дастур икки давлат адлия вазирликлари ўртасида турли турдош соҳаларда биргаликда тадбирларни ташкиллаштириш ва чуқурроқ тажриба алмашишга хизмат қилади.
Ташриф доирасида делегация Тошкент вилояти адлия бошқармаси, Юнусобод тумани давлат хизматлари маркази, адлия бўлими, ФҲДЁ бўлими ҳамда юридик хизматлар кўрсатиш маркази, шунингдек, Ўзбекистон Нотариал палатаси ва “Мадад” ННТ фаолияти билан танишади.
ЎзА