Ўзбекистон ва БАА ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоков Абу-Даби шаҳрида БАА Бош вазири ўринбосари, Президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берган. Музокара чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил март ойида БААга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Бу борада юзага келаётган масалалар ҳамда қўйилган вазифаларни ижро этиш учун келгусидаги ҳамкорлик механизми кўриб чиқилди.
Инвестициявий шериклик масаласи муҳокама қилинаркан, томонлар Ўзбекистон иқтисодиётига жалб этилган амирлик сармоялари ҳажмини ошириш бўйича юқори ўсиш суръати, амирлик компаниялари томонидан лойиҳалар амалга оширишда эришилган муваффақият қайд этди.
Жумладан, “Masdar” компанияси жорий йил август ойида Ўзбекистонда биринчи қуёш электр станциясини ишга туширди, яна учта янги қуёш электр станцияси, хусусан, 457 МВт қувватга эга Шеробод ҚЭС, 220 МВт қувватга эга Самарқанд ҚЭС ва 220 МВт қувватга эга Жиззах ҚЭС қурилиши бўйича ўтказилган тендерларда ғолиб чиқди. Ўзбекистонда “Masdar” лойиҳалари жамланмаси қиймати ҳозир 2 миллиард доллардан ошди. Қурилаётган электр станцияларининг умумий ишлаб чиқариш қуввати эса 2,5 ГВтни ташкил этади.
Абу-Даби ривожланиш жамғармаси билан муваффақиятли ҳамкорлик йўлга қўйилгани, жумладан, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастури ҳамда таълим лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилаётгани ҳам алоҳида қайд этилди.
Жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси фаол иш юритмоқда. Хусусан, туризм соҳасида йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда, умумий қиймати 500 миллион долларга тенг 14 та истиқболли инвестициявий лойиҳа портфели ишлаб чиқилмоқда.
Мулоқот чоғида энергетика, қишлоқ хўжалиги, молия сектори, инфратузилмани ривожлантириш ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ўз ичига олган инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга боир устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш, савдо ҳамда инвестициявий ҳамкорликни диверсификация қилиш, БААнинг етакчи компаниялари орасидан Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга ошириш учун янги инвесторлар жалб этишга содиқлигини билдирди. Бу, ўз навбатида, икки мамлакат иқтисодий шериклигининг мавжуд салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш имконини беради.
Гўзал САТТОРОВА,
ЎзА мухбири