Ўзбекистон уй-жой бозори мўътадиллашди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2026 йилнинг апрель ойи якунлари бўйича Ўзбекистон кўчмас мулк бозорининг янгиланган шарҳини тақдим этди. Унга кўра, бозорда фаоллик барқарорлашди. Сотувлар ҳажми бироз пасайган бўлса-да, йиллик ҳисобда битимлар сони ўсиши ва нархлар ижобий динамикаси сақланиб қолмоқда. Бу ҳолат, айниқса, янги уй-жойлар ва ижара бозорида яққол сезилмоқда.
Март ойида уй-жой бозоридаги фаолликнинг юқори бўлиши, асосан, апрелдан бошлаб жорий этилган эскроу ҳисоб-китоб тизими билан изоҳланди.
Ой давомида республика бўйича уй-жой сотиб олиш юзасидан 23,3 мингта битим расмийлаштирилди. Бу ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан 4,7 фоизга камдир. Шунга қарамай, йил бошидан буён уй-жой олди-сотди битимлари ҳажми 125 мингтадан ошди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 34,8 фоизга кўп демакдир.

Савдолар ўсишининг энг юқори суръатлари Сирдарё вилоятида қайд этилиб, жорий йилнинг январь-апрель ойларида битимлар сони 50 фоизга ошди. Андижон вилоятида ўсиш 42 фоизни, Тошкент шаҳрида эса йил бошидан буён уй-жой савдоси 46 фоизни ташкил этди.
Уй-жой бозоридаги фаоллик қурилиш ҳажмининг ошиши билан ҳам узвий боғлиқ. 2025 йил якунларига кўра, мамлакатда 15,9 миллион квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 2,8 фоиз юқоридир.
Ҳудудлар кесимида қурилиш ҳажми бўйича фарқ сақланиб қолмоқда. Хусусан, 2025 йилда Сирдарё вилоятида 136,1 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилган бўлса, Андижон вилоятида бу кўрсаткич 1,33 миллион квадрат метрни, Тошкент шаҳрида эса қарийб 1 миллион квадрат метрни ташкил этди. Энг юқори қурилиш ҳажми Тошкент вилоятида кузатилиб, фойдаланишга топширилган майдон қарийб 2 миллион квадрат метрга етди. Жорий йил якунига қадар Сирдарёда 3,5 мингта янги хонадон, республика бўйича эса жами 140 мингта янги турар жой фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Республика бўйича иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 8,5 фоизга ошди. Нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сирдарёда 20 фоиз, Сурхондарёда 16,5 фоиз ва Бухоро вилоятида 16,3 фоизни ташкил этди.
Жорий йилнинг январь–апрель ойларида республика бўйича иккиламчи бозорда нархлар ўртача 2,9 фоизга ўсди. Энг қиммат бозор ҳануз Тошкент шаҳри бўлиб, апрель ойида иккиламчи уй-жойнинг ўртача қиймати бир квадрат метр учун тахминан 1 150 долларни ташкил этди. Кейинги ўринларда Самарқанд вилояти қарийб 900 доллар ва Тошкент вилояти 690 доллар билан қайд этилди.
Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой нархлари мўътадил ўсаётган бир пайтда, бирламчи бозорда ўсиш суръати нисбатан юқори. Йиллик ҳисобда пойтахтнинг иккиламчи бозорида бир квадрат метрнинг ўртача қиймати 6,1 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Мирзо Улуғбек (9,2 фоиз), Мирабод (9 фоиз) ва Чилонзор (8,3 фоиз) туманларида кузатилди.

Бирламчи уй-жой сегментида эса нархлар ўтган йилнинг апрелига нисбатан 8,8 фоизга ошди. Энг сезиларли ўсиш Юнусобод (17,3 фоиз), Мирзо Улуғбек (16,8 фоиз) ва Бектемир (11,3 фоиз) туманларида қайд этилди.
Пойтахтдаги ижара бозорида ҳам ўсиш тенденцияси давом этмоқда. Апрель ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижарасининг ўртача қиймати бир квадрат метр учун тахминан 9,2 долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,1 фоиз юқоридир. Ижара нархларининг энг юқори даражаси Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида (бир квадрат метр учун 11 доллар) сақланиб қолмоқда. Йиллик ҳисобда ижара нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Яшнобод (18,2 фоиз) ва Бектемир (16,7 фоиз) туманларида кузатилди. Умуман олганда, Тошкент шаҳрида ижара бозори сотув бозорига нисбатан тезроқ суръатлар билан ривожланмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА