Ўзбекистон учун янги имкониятлар
Муносабат
Жорий йилнинг 23-24 октябрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Брюссел шаҳрида Европа кенгаши раиси Антонио Коста ҳамда Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляен ҳамда Бельгия Қироли Филипп билан амалий музокаралар олиб борди.
Давлатимиз раҳбари ташриф доирасида Европанинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказди ҳамда Брюсселдаги Европа кенгаши бош қароргоҳида Ўзбекистон – Европа саммитида қатнашди. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида “Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги тарихий битим имзоланди.

Бу учрашувлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янги босқичга олиб чиқадиган тарихий воқеадир. Янги битим Ўзбекистонга Австриядан тортиб Швециягача бўлган 27 давлат бозорларига кенг йўл очади, тадбиркорлар учун божхона жараёнларини енгиллаштиради, техник тўсиқларни камайтиради, юртимизга Европа инвестицияларининг кириб келишини эркинлаштиради. Шу билан бирга, талабалар ва мутахассислар учун виза талабларини соддалаштириш, ёшларга Европада таълим олиш, илмий тадқиқотлар ва стартаплар соҳасида иштирок этиш имкониятларини кенгайтиради, сунъий интеллект, рақамли хавфсизлик ва фан соҳаларида ҳамкорлик эшигини очади.
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатлари 1996 йил 1 июлдан амал қилаётган “Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим”га асосланиб ривожланиб келган бўлса, янги “Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим” унинг мантиқий давомидир. Илгариги битим 102 моддадан иборат бўлиб, умумий тамойилларни белгилаб берган, аммо, аниқ йўналишлар ва амалиёт механизмларини ўз ичига олмаган эди. 2021 йилда Европа Иттифоқи Ўзбекистонга кўп йиллик индикатив молиявий ёрдам дастурини қабул қилди. Унда 2021–2024 йиллар учун яхши бошқарув, рақамли трансформация, инклюзив ва яшил иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун 76 миллион евро ажратиш назарда тутилган.
2021 йилнинг апрелида Ўзбекистон Европа Иттифоқининг “GSP+” имтиёзлар тизимига қўшилди. Шу орқали мамлакатимиз маҳсулотларининг 6 минг 200 тури Европа бозорига божсиз кириш имконига эга бўлди. Натижада, икки томонлама савдо айланмаси 2,4 баробар ортиб, 6,4 миллиард долларга етди.
Янги кенгайтирилган битим эса савдо ва иқтисодий муносабатларни янада эркинлаштиради, саноат маҳсулотлари экспорти учун янги йўналишлар яратади, миллий маҳсулотларимизнинг Европа бозоридаги рақобатбардошлигини оширади. Шу билан бирга, у капитал ва инновацияларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаб, тўғридан-тўғри инвестицияларни ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашни назарда тутади. Бу эса Ўзбекистонда шаффоф ва барқарор ҳуқуқий муҳит яратиш, европалик инвесторлар учун янада жозибадор шарт-шароит яратишга хизмат қилади.
Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, мазкур келишув фақат иқтисодий ҳамкорлик билан чекланмайди. У ташқи сиёсат, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, чегара назорати, ноқонуний миграция, коррупция ва терроризмга қарши кураш каби соҳаларда ҳам янгича ҳамкорлик механизмларини жорий этади. Шу жиҳатдан, у Европанинг Ўзбекистонга бўлган ишончини ифода этади. Агар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва инсон қадри тамойиллари таъминланмаганида, Европа Иттифоқи бундай даражадаги битимни имзоламас эди. Демак, бу ҳужжат Президентимизнинг очиқ ва ислоҳотчи сиёсатининг амалий самарасидир.
Солижон Мўминов,
халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши раиси, депутат.
ЎзА.