Ўзбекистон U-23 Саудия Арабистонини йирик ҳисобда мағлуб этиб, ярим финалга чиқди
Аичи–Нагоя – 2026 ХХ Осиё ўйинлари футбол мусобақасида Ўзбекистон U-23 терма жамоаси юришини давом эттирмоқда. Равшан Ҳайдаров шогирдлари чорак финалда Саудия Арабистонини 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
Ўзбекистон учрашувни фаол бошлади ва бунинг самарасини узоқ куттирмади. 12-дақиқада Сардорбек Баҳромов жарима зарбасини ижро этди. Саудия Арабистони дарвозабони тўпни қайтарган бўлса-да, вазиятни яхши кузатган Дилшод Муртазоев қайтган тўпни дарвозага жойлаб, ҳисобни очди — 1:0. Биринчи бўлим айнан шу ҳисобда якунланди.
Иккинчи бўлимнинг дастлабки қисмида саудияликлар фаолликни ошириб, ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилди. Ўзбекистон эса ҳимояда тартибли ҳаракат қилиб, қулай вазиятларда тезкор ҳужумларга ўтишга интилди.
77-дақиқада Азизбек Тўлқинбеков Саудия Арабистони дарвозасини ишғол қилиб, терма жамоамиз устунлигини иккитага оширди — 2:0. Учрашув якунига яқин Ўзбекистон яна бир бор ўз имкониятидан фойдаланди.
87-дақиқада Фирдавс Абдураҳмонов учинчи голни киритиб, баҳснинг якуний ҳисобини ўрнатди — 3:0.
Ўзбек ва жаҳон спортига оид энг сўнгги янгиликлар: @Uzasport