Ўзбекистон-Туркманистон: дўстлик ришталари мустаҳкамланмоқда
Халқимиз туркман халқи билан азалдан ёнма-ён, аҳил-иноқ яшаб келган, бир дарёдан сув ичган. Ўзаро савдо-сотиқ қилган, бир-бирининг маданиятини бойитган.
Бу яқинлик мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ривожига асос бўлмоқда. Ўзбекистон – Туркманистон алоқалари 2007 йил имзоланган Дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги давлатлараро шартнома асосида изчил тараққий этмоқда.
Олий даражадаги ташрифлар мунтазамлик касб этгани муносабатларнинг юксак даражасидан далолатдир. Давлатларимиз савдо-иқтисодиёт, нефть-кимё, транспорт коммуникациялари, қишлоқ хўжалиги, маданият, туризм каби соҳалар билан бирга сув хўжалиги йўналишида ҳам шерикликни ривожлантирмоқда.
Бугунги кунда Амударёдан Сурхондарё вилоятида Аму-Занг, Қашқадарё вилоятида Қарши магистрал канали насос станциялари каскади, Бухоро вилоятида Аму-Бухоро машина канали насос станцияси орқали сув олинади. Ўз навбатида, Қарши магистрал канали орқали Туркманистон ҳудудига сув етказиб берилади. Қарши магистрал канали насос станциялари каскадининг Туркманистон ҳудудида жойлашган 6 та насос станциясидан ўзбекистонлик сувчилар қўшни давлат ҳудудида туриб бемалол фойдаланади.
Туркманистон Амударёдан ўз ҳудудидаги Қорақум ва бошқа каналлар ҳамда кичик насос станциялари орқали сув олади.
Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти ҳудудларини сув билан таъминловчи Туямўйин сув омбори икки мамлакат чегарасида жойлашган. Мажмуадан чиқадиган сув “Туркмандарё” ҳамда “Чапқирғоқ” магистрал каналлари, шунингдек Туямўйин сув тармоғи пастки қисми, Амударёнинг чап томонидан “Хониоб”, “Жумабой соқа”, “Қиличниёзбой” ва “Қипчоқ-Бўзсув” каналлари орқали Тошҳовуз вилояти ҳудудларига етказиб берилади.
2021 йил 26 май куни Ашхобод шаҳрида икки ҳукумат ўртасида Сув масаласи бўйича Ўзбекистон – Туркманистон ҳукуматлараро қўшма комиссияси тўғрисида ҳамда “Туямўйин” сув тармоғи “Султонсанжар” тўғонида сув фильтрациясига қарши девор қуриш лойиҳаси юзасидан битимлар имзоланган.
Ҳозиргача ушбу комиссия 4 марта йиғилди, 2025 йил мажлиси Тошкент шаҳрида ўтказилади.
“Султонсанжар” тўғонида юқорида тилга олинган лойиҳа амалга оширилиши натижасида қўшимча 1 миллиард куб/метр сув тўплаш, шунингдек 1,2 миллион гектар майдон сув таъминотини яхшилаш ҳамда кафолатли ичимлик суви захирасини оширишга эришилади. Шу билан бирга сел-тошқин хавфи камайтирилиб, қўшимча сув йиғиш имконияти ортади.
Бундан ташқари Туркманистонда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги объектларини хатловдан ўтказиш ҳамда 2019 йил COVID-19 сабаб фаолиятини тўхтатган назорат ўтказиш манзиллари фаолиятини сув хўжалиги объектларида хизмат қилувчи ишчи-ходимлар учун қайта тиклаш масаласи ҳам ижобий ҳал этилмоқда.
Ҳукуматлараро қўшма комиссия фаолияти доирасида 2021 йил 5 октябрь куни мамлакатимиз Сув хўжалиги вазирлиги ва қардош Сув хўжалиги давлат қўмитаси ўртасида сув тежовчи технология соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланган.
Қарши магистрал каналидан сув олиш нуқталарини хатловдан ўтказиш ҳамда Туркманистон Давлат сув хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш институти, “Туркменсувилимтаслама” лойиҳа институти ва Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш борасида келишувга эришилган.
Жорий йил Туркманистон ҳудудидаги “Озёрний” ҳамда “Дарёлик” магистрал коллекторларини реконструкция қилиш 2-босқич лойиҳаси амалга оширилди. Иккала мамлакат суғориладиган ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашда самара бергани учун мазкур ташаббусни 2026 йил ҳам давом эттириш режалаштирилган.
Туркманистон сув хўжалиги тармоғи билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам шериклик йўлга қўйилган. Хусусан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий-тадқиқот университетида 2000 нафарга яқин туркман талабалари таҳсил олмоқда. Қарши магистрал каналларидан фойдаланиш ҳамда Аму-Бухоро машина каналларидан фойдаланиш бошқармалари тасарруфида Туркманистоннинг 700 га яқин фуқароси ўзбекистонлик мутахассислар билан бирга ишламоқда.
Сув мамлакатлар тараққиёти, халқлар фаровонлигини белгиловчи муҳим неъмат. Шу боис Ўзбекистон ва Туркманистон трансчегаравий дарё сувларидан биргаликда фойдаланиб, ҳамкорликда тараққиётнинг юксак чўққилари сари интилмоқда.
Рустам Қаршиев,
Сув хўжалиги вазири ўринбосари
ЎзА