Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг бугуни ва эртаси
Тошкент давлат шарқшунослик университетида Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг бугуни ва эртаси” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар сўзга чиқиб, давлатларимизни азалий дўстлик ва уйғун маданий алоқалар боғлаб туришини таъкидлади.
Тадбирда профессор Хайрулла Ҳамидовнинг “Ўзбек адабиётидан танланган асарлар: Ҳикоялар – шеърлар (антология)” номли китоби тақдимоти ўтказилди. Китобда таниқли ўзбек адиб ва шоирларининг энг гўзал асарларининг туркча таржималари жамланган.
– Ўзбек ва турк халқлари географик жиҳатдан дунёнинг турли бурчакларида жойлашган бўлсада, тили, тарихи ва маданияти бир-бирига яқин бўлгани боис, улар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бормоқда, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид. – Мустақиллик йилларида таниқли ўзбек адибларининг асарлари турк тилига, турк адабиётининг энг машҳур асарлари ўзбек тилига таржима қилингани бунинг ёрқин далилидир. Хайрулла Ҳамидов томонидан тайёрланган ушбу китобда ҳам ХХ аср ўзбек адабиётининг энг сара намуналаридан бўлган атоқли ёзувчи ва шоирларнинг сара ҳикоя, шеър ва достонлари ўрин олган. Китоб Ўзбекистонда турк тилини ўрганаётган талабалар, турк тили ва адабиёти ўқитувчилари, шунингдек, таржимашунослик, қиёсий тилшунослик, чоғиштирма адабиётшунослик соҳаларида илмий изланиш олиб бораётган мутахассислар ҳамда туркий китобхонларга манзур бўлади, деган умиддаман.
Қайд этилганидек, ўзбек халқининг турмуш тарзи, урф-одатларини адабиёт, хусусан, бадиий таржима орқали дунёга танитиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.
Тадбирда шунингдек, Ўзбекистон – Туркия муносабатлари ривожланишига доир маърузалар тингланди. Тошкент давлат шарқшунослик университети 2-курс магистранти Арзу Карауста томонидан тайёрланган “Туркия Республикасининг 100 йиллигига тарихий нигоҳ” мавзуидаги видеолавҳа намойиш этилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА