Ўзбекистон – Туркия: экологик ҳамкорлик
Ёшлар ишлари агентлигида Агентлик директори Алишер Саъдуллаев ва Туркия Республикаси Атроф-муҳит агентлиги раиси Ферҳат Пиринччи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда экологик ва ижтимоий лойиҳалар бўйича қатор масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, “яшил боғлар” ва “яшил жамоат парклари”ни яратиш, уларга суғориш тизимини ўрнатиш, Нурафшон шаҳридаги 7 гектар майдонда “Ёшлар боғи”ни барпо этиш ва ушбу жараёнларда туркиялик ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш таклифлари илгари сурилди.

Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзи ва табиатни асраш маданиятини тарғиб қилишга йўналтирилган “Яшил макон” мультипликацион сериалларини яратиш лойиҳаси ҳам муҳокама марказида бўлди.

Учрашув давомида Ферҳат Пиринччи агентлик биносида ташкил этилган энг оммабоп лойиҳалар билан ҳам яқиндан танишди.

Жумладан, “Мутолаа” лойиҳаси доирасида яратилган “Қўрқма” ҳужжатли фильмига катта қизиқиш билдирди. Меҳмон мазкур фильмнинг турк тилида ҳам тайёрланганини кўриб, ўзбек ёшлари орасида турк тилига нисбатан катта қизиқиш ва эътибор борлигини мамнуният билан таъкидлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА