Ўзбекистон-Туркия: Бизнес соҳасида қўшма дастурлар амалга оширилади
Пойтахтимизда Бизнес-омбудсман Абдуманноп Бўриев ва Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Уфуқ Улуташ учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда давлатларимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли олий даражага кўтарилган кенг қамровли стратегик шерикликни тадбиркорлар учун аниқ ва амалий натижаларга айлантириш, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида таъкидланганидек, савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўлами изчил кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,1 миллиард долларга етди, Туркиядан 2,6 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб этилди.
Мамлакатимизда Туркия сармояси иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Туркия ишбилармон доиралари фаоллигининг бундай юксалиши уларнинг қонуний манфаатларини институционал даражада ҳимоя қилиш масъулиятини ҳам янада оширмоқда.

Учрашув давомида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича бир қатор аниқ таклифлар илгари сурилди. Жумладан, Бизнес-омбудсман ва Туркиянинг тегишли институтлари ўртасида тўғридан-тўғри экспертлар мулоқотини йўлга қўйиш, TİKA билан биргаликда бизнесда ҳалоллик ва ҳуқуқий маданиятни оширишга қаратилган қўшма дастурларни амалга оширишга келишиб олинди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА