Ўзбекистон-Татаристон: атом соҳасида илмий ва саноат алоқалари мустаҳкамланади
“Ўзатом” агентлиги делегацияси Татаристон Республикасига амалий ташриф билан бориб, Қозон шаҳрида ўтказиладиган “Energoprom” халқаро электр энергетика форуми доирасида қатор муҳим учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида илмий-таълим муассасалари ва саноат ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Дастлаб делегация А.Н.Туполев номидаги Қозон миллий тадқиқот техника университетига ташриф буюриб, унинг илмий салоҳияти билан яқиндан танишди. Хусусан, университет музейи ва замонавий лабораториялар фаолияти кўздан кечирилди. Суҳбатлар давомида композит технологиялар, материалшунослик ҳамда муҳандислик йўналишларидаги илғор ишланмалар муҳокама қилинди. Шунингдек, атом саноати учун инновацион материаллар яратиш ва қўшма лаборатория базасини шакллантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Кейинги манзил Қозон давлат энергетика университети бўлиб, у ерда олий таълим муассасаси раҳбарияти билан мазмунли мулоқот ўтказилди. Делегация аъзолари атом, иссиқлик ва электротехника соҳалари бўйича замонавий ўқув инфратузилмаси, жумладан, тренажёр ва амалий тайёргарлик базаси билан танишди.

Учрашувларда асосий эътибор атом энергетикаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, қўшма таълим марказларини ташкил этиш, илмий ва амалий тажриба алмашиш ҳамда Ўзбекистон ва Татаристон ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига қаратилди.

Ишчи ташриф “Химград” технополисига бориш билан якунланди. У ерда делегацияга саноат паркларини ривожлантиришнинг самарали моделлари, муҳандислик инфратузилмасини ташкил этиш тажрибаси ҳамда резидентлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар тақдим этилди. Шу билан бирга, саноат лойиҳаларини амалга оширишда қўлланилаётган илғор ёндашувлар, жумладан, Ўзбекистонда ҳам татбиқ этилаётган ҳамкорлик шакллари ҳақида маълумот берилди.
Мазкур учрашувлар натижасида томонлар кадрлар тайёрлаш, саноат кооперацияси ва технологик инфратузилмани ривожлантириш бўйича Татаристоннинг илғор тажрибасини чуқур ўрганиш имкониятига эга бўлди. Шу билан бирга, атом энергетикаси, фан ва ишлаб чиқариш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА