Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комиловнинг "Янги Ўзбекистон" газетасида чиққан мақоласи

Ўтган ҳафта Остона шаҳрида якунланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашуви минтақадаги барча мамлакатларнинг сўнгги олти йилдаги навбатма-навбат раислиги якунларини рамзий тарзда сарҳисоб қилди ва ушбу ноёб форматдаги давлатлараро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.

Мамлакатларимиз биринчи марта  минтақавий кооперацияни ривожлантиришга доир ягона қарашни– "Марказий Осиё– 2040" концепциясини келишиб олдилар. Бу ҳужжат давлатларнинг минтақавий ҳамкорлик жараёнига ортга қайтмас ва изчил тус беришга содиқ эканини тасдиқлади. У ўзаро ҳамкорликнинг барча асосий соҳаларини қамраб олди, истиқболга мўлжалланган аниқ амалий режаларни, уларни амалга ошириш шакллари ва механизмларини белгилаб берди.

Остона саммити ўз моҳиятига кўра, минтақадавлатларининг ҳамкорликни янада изчил илгари суриш, Марказий Осиё бешлиги доирасида ҳар томонлама кооперацияни кенгайтиришгабўлган интилишини намойиш этди.

2018 йилда Остона шаҳрида ўтказилган биринчи учрашувдан буён ўтган даврда Марказий Осиё мамлакатлари анча катта йўлни босиб ўтди. Бу ҳақда гапирганда, биз биргаликда Марказий Осиёнинг замонавий қиёфасини ўзгартириб, минтақани тинчлик ва ҳамжиҳатлик, дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик маконига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизнинг барча асосий босқичларини эслаш ўринлидир.

Бундан бор-йўғи етти йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди. Биз чегара ҳудудларидаги можаролар ва миналанган далаларга, транспортблокадаларига, савдо соҳасидабаланд тўсиқлар ўрнатилганига гувоҳ эдик.

Сув ресурсларидан, яйловлар ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тинимсиз тортишувларнинг очиқ қарама-қаршиликка айланиб кетиш хавфи бор эди.

Минтақадаги баъзи кучлар ишончсизлик руҳини авж олдиришва умумий тарихий меросимиздан ўз манфаатлари учун фойдаланиш орқали мухолифлик ва рақобатни келтириб чиқарарди. Тарқоқлигимиз бизни заифлаштирар, бирлашиш истиқболларидан маҳрум этар, минтақа салоҳиятини муштарак манфаатлар йўлида рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилар эди.

Буларнинг барчаси асрлар давомида ёнма-ён тинч-тотув яшаб келган, бир динга эътиқод қилган, умумий урф-одат ва анъаналарга эга бўлган, минглаб кўринмас ришталар билан боғланган Марказий Осиё халқларининг маданий-цивилизациявий қадриятларига мутлақо зид эди.

Қолаверса, глобал ишонч инқирозининг чуқурлашуви ва қуролли можароларнинг кескинлашуви минтақанинг барқарорлиги ва изчил ривожланишига салбий таъсир кўрсата бошлади. Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва халқлари кабиЎзбекистоннинг ҳам фаровонлиги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларга, минтақада хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигига боғлиқ, деган тушунча тобора мустаҳкамланди.

Шуни эътироф этиш керакки, туб ўзгаришларга, тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этишга, қўшнилар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда эскирган ёндашувлардан батамом воз кечишга бўлган ижтимоий талабни чуқур ҳис қилган етакчи– Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев бўлди.

Ўзбекистон раҳбари янги яхлит Ташқи сиёсат доктринасини шакллантирди. Унда халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб муаммолари, замонавий таҳдид ва хатарлар, янги дунё тартиботини шакллантириш ва бошқа масалаларга нисбатан Ўзбекистоннинг қарашлари ва ёндашувлари белгиланган.

Доктринада дунёнинг ривожланган давлатлари билан тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат, ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган. Осиё, Европа, Америка ва Африканинг етакчи давлатлари, нуфузли халқаро ташкилотлар билан изчил сиёсий мулоқотни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу Доктринада Ўзбекистон Президенти томонидан Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши этиб белгиланган."Қўшнилар билан ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги"га эришиш энг муҳим мақсад қилиб қўйилди. Ўз хавфсизлигини бошқа давлатлар хавфсизлиги ҳисобига мустаҳкамлашга йўл қўймаслик, очиқлик, прагматизм ва конструктивлик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш, проактив мулоқот тамойиллари минтақавий сиёсатнинг концептуал асосига айланди.

Ўзбекистон объектив равишда Марказий Осиёнинг келажаги учун алоҳида масъулиятни ўз зиммасига олган. Бу омилбиз минтақанинг барча мамлакатлари билан умумий чегараларга эга эканлигимиз билан изоҳланади. Мамлакатимизда Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи, минтақадаги барча халқларнинг йирик жамоалари яшайди. Ўзбекистон тараққиётининг деярли барча ҳаётий муҳим масалалари – сувдан тортиб, транспорт йўлаклари, минтақавий хавфсизлик ва савдо-сотиққачачегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган муносабатларга боғлиқ.

Айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон раҳбари 2016 йилда Парламентга йўллаган биринчи мурожаатномасида устувор йўналишларни аниқ белгилаб, Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабатларни мустаҳкамлашни биринчи ўринга қўйган эди. "Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз яқин қўшниларимиз Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз", деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Давлатимиз раҳбари сайловдан кейин кўп вақт ўтмай Ашхобод ва Остона шаҳарларига илк расмий ташрифларини амалга ошириб, Марказий Осиё – устувор, деган тамойилни яна бир бор тасдиқлагани бежиз эмас.

Мамлакатимиз етакчиси ушбу тарихий мурожаатида Тошкентнинг яқин қўшниларга нисбатан конструктив сиёсат олиб бориш, тўпланиб қолган минтақавий муаммоларни тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш ва оқилона муросага эришиш асосида ҳал этиш, минтақамизнинг қоқ марказида жойлашган мамлакат сифатида Ўзбекистон атрофида дўстлик ва фаровонлик, хавфсизлик ва барқарорлик ҳудудини яратиш борасидаги қатъий ниятини баён этди.

Ўзбекистон раҳбари томонидан ҳукумат ва ташқи сиёсат идоралари олдига минтақавий сиёсатнинг асосий вазифалари– чегараларни тартибга солиш жараёнларини якунлаш, сувдан оқилона ва адолатли фойдаланиш масалаларини биргаликда ҳал этиш, мамлакатларнинг иқтисодий, экологик, транспорт-логистика ва илмий-технологик ривожланишдаги ўзаро боғлиқлигини шакллантириш ва бошқа масалалар белгилаб берилди.

Тошкентнинг Марказий Осиёда сиёсий-дипломатик, иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйиш борасидаги ёндашувларидаги ўзгаришлар нафақат Ўзбекистоннинг қўшнилар билан давлатлараро муносабатларини тубдан яхшилаш учун шароит яратди, балки Марказий Осиёнинг янги форматда янада жипслашиши ва интеграциялашувига замин бўлди.

Шу маънода, Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари (МОДРМУ) йўлга қўйилиши бутун минтақа учун энг муҳим воқеа бўлиб, бугунги кунда барқарорлик, хавфсизлик ва изчил тараққиёт ҳудудини биргаликда барпо этишга қаратилган минтақавий мулоқотнинг самарали майдонига айланди.

Мунтазам учрашувлар ўтказиш ғояси илк бор Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди. Ўшанда давлатимиз раҳбари мамлакат ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши "тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё" эканини, Ўзбекистоннинг барча саъй-ҳаракатлари "ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш"гақаратилишини таъкидлаган эди.

Ўша йилнинг ноябрь ойида Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда“Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган минтақанинг беш давлати ташқи ишлар вазирлари Ўзбекистон етакчиси томонидан илгари сурилган ташаббусни – давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини таъсис этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Айнан ўшанда барча мамлакатларнинг минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, ўз давлатлари ва бутун минтақа учун долзарб бўлган масалаларни биргаликда муҳокама қилиш, уларга ечим излаш ва қарор қабул қилиш мақсадини ифода этувчи “Самарқанд консенсуси” шаклланди.

"Самарқанд консенсуси"ни халқаро ҳамжамият ҳам қўллаб-қувватлади. Орадан атиги ярим йил ўтиб, 2018 йил июнь ойида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси "Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш" резолюциясини қабул қилди. Ушбу ҳужжатда Марказий Осиё мамлакатларининг минтақада барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари юқори баҳоланди.

Буларнинг барчаси бир неча йил ичида Марказий Осиёдаги вазиятни тубдан ўзгартириш имконини берди. Аввало, чегара масалалари бўйича мавжуд мураккаб ва нозик муаммоларни бартараф этишга эришилди.

Ўзбекистон Қозоғистон билан чегарани ҳуқуқий расмийлаштиришни тўлиқ якунлади, Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарани делимитация қилди. Чегарадаги ўнлаб ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини тиклаб, мамлакатларимиз ўртасида одамларнинг ҳаракатланишини сезиларли даражада осонлаштирди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегараларни ҳақли равишда дўстлик ва яхши қўшничилик кўприги, деб аташ мумкин. 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ички ҳужжат –фуқароID-картасини тақдим этган ҳолда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини кесиб ўтиш тартиби амал қилаётгани бунинг тасдиғидир. Худди шундай лойиҳа Қозоғистон томони билан ҳам муҳокама қилинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Остона саммитида Марказий Осиёда миллий ID-карталарни ўзаро тан олиш ва "Бир тур – бутун минтақа" тамойили асосида оммавий туристик маҳсулотларни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Шу билан бирга, Тожикистон-Қирғизистон чегарасини тавсифлашда сезиларли ютуқларни кўрмоқдамиз. Бугунги кунда чегара умумий узунлигининг 90 фоиздан зиёд қисмибўйича келишувга эришилган.

Бошқача айтганда, буларнинг барчаси турли келишмовчиликларга қарамай, томонлар ўзаро ишонч ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мақбул битимларга тайёрлик тамойилларига амал қилса, ўткир, нозик ва мураккаб муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигини кўрсатади.

Улкан минтақамизда рўй берган “жараёнларни қайта ишга тушириш”механизми барча учун манфаатли бўлди. Юқори даражадаги бирлашув туфайли минтақа иқтисодиёти тараққий этмоқда. Кооперация ва минтақа ичида товар айирбошлаш даражаси сезиларли ошди, хорижий шериклар билан алоқалар кенгайди.

Минтақадаги савдо ҳажми 4,4 баробар, қўшма корхоналар сони 5 баробар, ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб 2 баробарошди.

Бугунги кунда Марказий Осиё очилаётган имкониятларни биргаликда амалга оширишга қодир бўлган янада жипс минтақага айланди. Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистон билан йирик қўшма лойиҳаларни молиялаштириш учун инвестиция жамғармаларини тузди. Ушбу институтлар доирасида автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалигида кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бошланган. 

Масалан, Қозоғистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи қўшма корхона фаолият юритмоқда. Тожикистонда маиший техника ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди. Қирғизистон ва Қозоғистон Иссиқкўл вилояти ҳудудида қуёш электр станцияларини қуриш бўйича қўшма корхона ташкил этди.

Ўзбекистон ташаббуси туфайли минтақанинг барча мамлакатлари билан чегараолди савдо зоналарини ташкил этиш ишлари бошланди. Ҳозирги вақтда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан бундай ҳудудларни шакллантириш механизми йўлга қўйилган.

Натижада охирги 7 йилда минтақа иқтисодиёти 273,3 млрд доллардан 450 миллиард долларгача ўсди.

Умумий ўзгаришлар орасида сув, сув-энергетика ва экология масалалари билан боғлиқ йўналишда катта ютуқлар кузатилмоқда.

Бу борада 2023 йилда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ўртасида 1-Қамбарота ГЭСини биргаликда қуриш бўйича имзоланган "йўл харитаси", шунингдек, Ёзги вегетация даврида Тўхтағул сув омборидан сувни оқизиш масаласини биргаликда ҳал қилиш бўйича келишув муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ўртасида Баҳри Тожик(Қайроққум) сув омборининг вегетация даврида ишлаш режими бўйича келишувга эришилгани ҳам муҳим аҳамият касб этиб, бу Сирдарё ўрта оқимида зарур миқдорда сув етказилишини таъминлаш имконини берди.

Янги геосиёсий шароитда Марказий Осиё Буюк Ипак йўли даврида минтақа эгаллаган ўринни –Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жанубни боғловчи кўприк, турли иқтисодий манфаатлар чорраҳаси мақомини яна ўзига қайтармоқда. Минтақа Транскаспий йўлаги, Шимол-Жануб йўналиши, шунингдек, Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган, Хитойдан Европага борадиган йўлакларни диверсификация қиладиган янги лойиҳалар доирасидаги транспорт-коммуникация йўналишларининг муҳим қисмига айланмоқда.

Минтақамизни Европа темир йўллари тармоғи билан боғлашга мўлжалланган "Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон" темир йўл магистрали қурилиши тўғрисида битим тузилиши Марказий Осиё учун транспорт-транзит йўналишларини диверсификация қилишда катта ютуқ бўлди.

Бу йилларда маданий-гуманитар алмашинув сезиларли даражада фаоллашди.Айни пайтда маданият йиллари, кино кунлари, кўргазмалар, концерт ваижодий сафарлар, қўшма спорт тадбирларини ўтказиш мунтазам тус олди. Мамлакатларимиз фуқаролари хуш кўрадиган барча сайёҳлик йўналишларининг 80 фоизга яқини минтақавий ички туризмга тўғри келаётгани бунинг ёрқин далилидир.

Биргина Ўзбекистонда 2023 йилда бу кўрсаткич 6,6 миллионни ташкил этди ва уларнинг аксарияти қўшни давлатлардан келган сайёҳлардир.

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёни барқарорлик ва изчил тараққиёт ҳудудига айлантириш бўйича кенг қамровли стратегиясининг яна бир муҳим таркибий қисми Афғонистонда узоқ муддатли тинчликка эришишдир. 2016 йилда Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти этиб сайланиши билан Тошкентнинг афғон сиёсати тизимли ва комплексли тус олди. Афғонистон бўйича янгича ёндашувнинг ўзига хос хусусияти минтақа давлатлари ва бутун жаҳон ҳамжамиятининг Афғонистон ҳудудида узоқ муддатли тинчликка эришиш ва ушбу мамлакатнинг минтақа билан хўжалик алоқаларига интеграциялашувини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2022 йилда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг "Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш" махсус резолюциясида Марказий Осиё ва умумий аҳолиси қарийб 2 миллиард киши бўлган Жанубий Осиё ўртасида алоқаларни ўрнатишда Афғонистон алоҳида ўрин тутиши эътироф этилади.

Тошкентнинг Афғонистон бўйича жорий сиёсатининг яна бир муҳим хусусияти шундаки, Ўзбекистон Афғонистонга бутун Марказий Осиёнинг узвий, ажралмас қисми сифатида қарайди.

Ҳеч кимга сир эмаски, янги Марказий Осиё жаҳондаги қудратли давлатлар ва етакчи давлатларни ўзига тортадиган минтақага айланди. Бугунги кунда Марказий Осиё 10 дан зиёд "Марказий Осиё+" форматлари доирасида 40 га яқин давлат ва иккита минтақавий ташкилот билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Ҳамкорлик салоҳияти ва имкониятлари ҳақида гапирганда, таъкидлаш жоизки, ушбу иқтисодий макондаги давлатлар ҳиссасига жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 75 фоизи тўғри келади ва уларда тўрт миллиардга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун бу, энг аввало, иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш манбалари, товар ва хизматларимизни илгари суриш учун янги бозорлар, шунингдек, кўп миллионли сайёҳлар оқимидир.

Ўз навбатида, Марказий Осиё ҳамкорларимиз учун 80 миллиондан ортиқ истеъмолчига эга истиқболли бозор ҳисобланади. Бу ерда жаҳон нефть ва газ захираларининг 7 фоизи, рақамли ва яшил трансформация учун зарур бўлган ўта муҳим нодир материалларнинг катта захиралари тўпланган. Хусусан, минтақада мавжуд 10 турдагиўта муҳим материаллар захираси 5,2 фоиздан 38,6 фоизгача бўлган миқдорни ташкил этади.

Марказий Осиё рақобатбардош меҳнат ресурслари кўпайиб бораётган минтақа ҳамдир. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб минтақа аҳолиси 100 миллиондан ошади. Шу билан бирга, у энг ёш минтақалардан бири бўлиб қолади –аҳолининг ўртача ёши 30 га яқин бўлади.

Марказий Осиё ўз субъектлигини мустаҳкамлаб, моҳиятан жаҳон майдонида мустақил иштирокчига айланиб бўлганини тан олмасликнинг иложи йўқ. Айни вақтда мамлакатларимиз ташқи ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларни йўлга қўйишда умумий ёки яқин позициядан туриб фаол ҳаракат қилмоқда.

Марказий Осиёдаги ўзгаришлар натижалари бутун дунёда юқори баҳоланмоқда ва эътироф этилмоқда. БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ раҳбари Каха Имнадзе Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сўнгги саммитидаги нутқида минтақадаги стратегик шерикликнинг янги сифатига эътибор қаратиб, "Марказий Осиё кўп жиҳатдан минтақавий ҳамкорликнинг ноёб модели ва минтақада яшовчи барча халқлар фаровонлиги йўлида яхши қўшничилик муносабатларини қандай қуриш кераклиги борасида дунёнинг бошқа минтақалари учун намуна бўла олади", деди.

Россия Федерацияси Ташқи ва мудофаа сиёсати кенгаши раиси Ф.Лукьянов ҳам худди шундай фикрда. Унинг сўзларига кўра, барқарорлик ва очиқлик Марказий Осиёнинг ташриф қоғозига айланди. 

“Бу ижобий ўзгаришларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқлик ва жараёнга дахлдорлик йўлига қатъий ўтган Ўзбекистон ҳал қилувчи роль ўйнамоқда. Бундай ёндашув бутун минтақага шиддатли куч бермоқда, бошқаларга намуна бўлмоқда. Айнан Ўзбекистон раҳбарияти ва шахсан Президент Мирзиёевнинг фаоллиги ва ғайрати объектив тенденцияларни реал жараёнларга айлантириш учун зарур суръатни таъминламоқда”, деб ҳисоблайди Ф.Лукьянов.

Хадсон институти (АҚШ) эксперти Ричард Вайтснинг таъкидлашича, "Ш.Мирзиёев Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан муносабатларни яхшилашда намойиш этганазму шижоат ушбу ҳамкорлар Тошкентнинг янги минтақавий ёндашувини кутган ва олқишлаганидан далолат беради".

Унинг сўзларига кўра, мамлакат Евроосиёнинг қоқ марказида, кўплаб "Шарқ-Ғарб" ва "Шимол-Жануб" транспорт йўлаклари орасида жойлашган бўлиб, бу "Тошкентнинг кўмаги йирик минтақавий лойиҳалар учун жуда муҳим ва Евроосиёнинг барқарорлиги ва равнақи учун ҳаётий аҳамиятга эга эканини кўрсатади".

Халқаро экспертлар Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий ўзига хослигини шакллантириш қўшнилар билан яқинлашувни илгари суришда муҳим ўрин тутишини эътироф этмоқда. Шанхайдаги Фудань университети профессори Чжао Хуашэннинг таъкидлашича, "Марказий Осиё мамлакатлари минтақа ичида ҳам, ташқарисида ҳам умумий ўзига хосликни тобора кўпроқ тан олишмоқда".

Олимнинг фикрича, "Марказий Осиё жаҳонда яхлит ва бир бутун ҳудуд сифатида танилмоқда, у ўзининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш учун янада кўп имкониятларга ва ташқи дунё билан муносабатларда каттароқ вазнга эга бўлиши мумкин".

Остона саммитидаги якдиллик Марказий Осиёнинг фаровонлиги ва равнақи йўлида умумий масъулият ва ҳамжиҳатликни қарор топтиришнинг муҳим шарти сифатида Марказий Осиё ўзига хослигини шакллантиришга бўлган интилишда ҳам намоён бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида ҳақли равишда таъкидлаганидек, "Ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда".

Остона шаҳрида бошланган "Марказий Осиё бешлиги" етакчилари учрашувларининг иккинчи давраси 2025 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари саммитини қабул қилувчи мамлакат сифатида Ўзбекистон зиммасига кенг қамровли минтақавий кооперацияни изчил илгари суриш бўйича алоҳида масъулият юклайди. Бу нима дегани?

БИРИНЧИДАН, сиёсий мулоқотни янада чуқурлаштириш.

Очиқлик, тенг ҳуқуқлилик, ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган сиёсий ишончни мустаҳкамлаш лозим. Бу борада барча даражаларда мунтазам сиёсий мулоқотни давом эттириш ва янада ривожлантириш, унга тизимли ва кўп қиррали тус бериш муҳим аҳамият касб этади.

Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳодисалар ва турли куч марказларининг кескин қарама-қаршилиги шароитида хавфсизликни таъминлаш масалаларида саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш зарур.

Бундай шароитда Ўзбекистон Президентининг олтинчи МОДРМУ доирасида илгари сурилган Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш тўғрисидаги ташаббуси муҳим аҳамиятга эга.

ИККИНЧИДАН, иқтисодий йўналишда стратегик ўсиш ва туб ўзгаришни амалга ошириш бизнинг устувор вазифамиз бўлиши керак.

Савдо, инвестиция, технология ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик ўзаро шериклигимизнинг бош мақсади этиб белгиланиши жуда муҳимдир. Иқтисодиёт ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асоси ва ҳаракатлантирувчи кучига айланиши зарур.

Биз минтақамизни иқтисодий ўсиш ва инвестицион фаолликнинг жаҳон марказларидан бирига айлантириш тарафдоримиз.

Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, пировардида "Ягона минтақавий бозорни шакллантириш бизнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегик мақсадимиз бўлиши керак".

УЧИНЧИДАН, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш.

Бугунги кунда минтақа мамлакатлари ушбу йўналишда ҳамкорлик қилишга тўлиқ тайёрлигини кўрсатмоқда. Остона саммитида Ўзбекистон Президенти Минтақани саноатлаштириш бўйича ягона харитани шакллантириш ва вазирлар даражасида Кенгашни ишга туширишни таклиф қилди.Чегарадош ҳудудларда савдо-логистика ва саноат марказлари тармоғини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

ТЎРТИНЧИДАН, транспорт-коммуникация салоҳиятини рўёбга чиқариш.

Марказий Осиёда минтақавий транспорт йўлаклари стратегиясини ишлаб чиқиш, Марказий Осиё транспорт тизимини барқарор ривожлантириш бўйича минтақавий дастурни қабул қилиш ва минтақада транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгашини шакллантириш бу соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштиришда муҳим қадам бўлиши мумкин.

БЕШИНЧИДАН, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик.

Марказий Осиёда умумий энергетика бозорини шакллантириш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишга объектив зарурат мавжуд.

Бунда энергия ресурсларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, энергетика объектларини қуриш, қайта тикланувчи энергия манбаларини, замонавий ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш алоҳида ўрин тутиши мумкин.

ОЛТИНЧИДАН, иқлим ўзгаришига мослашиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш.

Минтақамизда глобал иқлим ўзгариши, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш ва тупроқнинг таназзулга учраши ҳамда ҳосилдорликнинг пасайиши билан боғлиқ муаммолар тобора кучайиб бормоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш учун, айниқса, экстремал об-ҳаво ҳодисалари тез-тез содир бўлаётган шароитда, мувофиқлаштирилган ҳамкорлик зарурлиги масаласида тўлиқ англашувга келган.

Ўз навбатида, озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини барқарор етказиб бериш масалалари иқлим ўзгариши оқибатлари ва жаҳон сиёсатидаги кескинликнинг кучайиши натижасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимидаги узилишлар шароитида ўта муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил навларини яратиш, суғоришнинг янада оқилона усулларини излаш, аграр соҳага сувни тежайдиган технологиялар ва инновацияларни жорий этиш учун агросаноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш муҳим.

ЕТТИНЧИДАН, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш.

Маданият, фан, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш муҳимдир. Марказий Осиё мамлакатларининг тобора жипслашиб бораётгани минтақани дунёдаги энг жозибадор сайёҳлик йўналишларидан бирига айлантириш учун мислсиз имкониятлар яратмоқда.

Минтақавий туризм соҳасини янада ривожлантириш учун бизда барча имкониятлар мавжуд. ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган 1000 дан зиёд объектлардан 20 дан ортиғи минтақада жойлашган бўлиб, ушбу макондаги маданий ва тарихий объектларни янада оммалаштириш учун улкан салоҳиятни шакллантиради.

Мазкур устувор вазифаларни амалга ошириш барча даражадаги минтақавий ҳамкорликни янги илмий асосланган ғоя ва таклифлар билан доимий равишда "озиқлантириш"ни тақозо этади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти давлат раҳбарларининг навбатдаги саммитида кўриб чиқилиши мумкин бўлган концептуал тавсия ва таклифларни биргаликда ишлаб чиқиш мақсадида етакчи таҳлилий марказлар ва академик доиралар иштирокидаги Марказий Осиё эксперт форумининг йиғилишини мамлакатимизда ўтказишни таклиф этди.

Бу борада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таъсис этилган ноёб илмий-тадқиқот ташкилоти – Марказий Осиё халқаро институти зиммасига алоҳида масъулият юклатилди.

Умуман олганда, 2017 йилда Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришлар ҳамда Тошкентнинг яхши қўшничилик ва ҳамкорлик бўйича инновацион сиёсати натижасида бошланган Марказий Осиёда минтақавий яқинлашув жараёни бугунги кунда барқарор ва ортга қайтмас тус олди.

Мамлакатнинг очиқлик сиёсатига ўтиши ва Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсий доктринасида эълон қилинган Марказий Осиё устуворлиги тамойили ҳаётга татбиқ этилиши минтақадаги сиёсий-иқтисодий жараёнларнинг тубдан янгиланишини таъминлади.

Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси, мисли кўрилмаган прагматизми, ишончни мустаҳкамлаш чоралари ва узоқни кўзлаган дипломатияси,асосий давлатлараро ва минтақавий муаммоларни ҳал қилиш учун оқилона муросага тайёрлик Марказий Осиёда тортишув ва келишмовчиликлардан ўзаро англашув ва ҳамкорлик сари стратегик қадамни таъминлади.

Ушбу инқилобий ёндашувларнинг икки томонлама фаол мулоқотлар ва давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларида мустаҳкамланиши мамлакатларнинг тинч, барқарор ва изчил ривожланаётган ҳамда фаровон Марказий Осиёни биргаликда барпо этишга бўлган умумий содиқлигини тасдиқлашга хизмат қилди.

Глобал фалокатлар шароитида Евроосиёнинг қоқ юрагидаги стратегик муҳим минтақада давом этаётган бу тинч ва бунёдкорона трансформация жараёни экспертлар муҳокамасининг мавзусига айланган ва келажакда чуқур илмий изланишларнинг предмети бўладиган,жаҳон сиёсатининг ноёб феноменидир.

Ҳеч шубҳасиз, кўз ўнгимизда шаклланаётган Янги Марказий Осиёнинг бош меъмори минтақа тарихига ўз номини ёзиб улгурган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдир. Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё саммитида Ўзбекистон Президентига Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони топширилгани мамлакатимиз етакчисининг минтақа давлатлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасининг яна бир эътирофи бўлди.

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ташқи сиёсатида ЯНГИ МАРКАЗИЙ ОСИЁ