Ўзбекистон Суперкубоги-2026: футзал мавсуми катта баҳс билан старт олмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун, 2 сентябрь куни 2026/2027 йилги футзал мавсуми Ўзбекистон Суперкубоги-2026 учрашуви билан старт олади.
Мусобақанинг бу йилги Суперкубогида мамлакат футзалида ўз ўрнига эга бўлган БМБ ПФК ва СҚБ ПФК жамоалари ўзаро куч синашади. Муросасиз ва кескин курашларга бой бўлиши кутилаётган мазкур баҳс янги мавсум олдидан жамоаларнинг тайёргарлик даражасини намоён этиши билан аҳамиятли.
Учрашув олдидан “HUMO Arena” кўп тармоқли муз саройида ҳар икки жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
[gallery-31222]
Унда БМБ ПФК бош мураббийи Нодир Элибоев ҳамда СҚБ ПФК бош мураббийи Шуҳрат Тожибоев жамоаларнинг Суперкубок баҳсига тайёргарлик жараёни, мавсум олдидан амалга оширилган ишлар ва учрашувдан кутилаётган натижалар ҳақида фикр билдирди.
Мутахассислар янги мавсумни ғалаба билан бошлаш, жамоа олдига қўйилган мақсадларга эришиш ҳамда мухлисларга мазмунли футзал намойиш этиш муҳим эканини таъкидлади.
Матбуот анжумани давомида бош мураббийлар ва футзалчилар оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб қайтарди. Жамоаларнинг ўйин услуби, таркибдаги ўзгаришлар, мавсумга тайёргарлик ва Суперкубок баҳсидан кутилаётган натижалар хусусида фикр алмашилди.
Суперкубок учрашуви янги футзал мавсумининг расмий очилиши билан бирга, жамоалар учун мавсум давомидаги асосий мақсадлар сари дастлабки қадам сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА