
IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон – Словакия бизнес-форуми ўтказилди. Тадбир мавжуд алоқаларни чуқурлаштириш, янги ҳамкорлик соҳаларини ўрганиш ва иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратадиган муҳим платформадир.
Хорижий делегациянинг фаоллиги Словакия томонидан республикамиз билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш юқорилигини яна бир бор тасдиқлади. Форум эса тадбиркорларга шерикликни мустаҳкамлаш учун янада кенг имконият яратди.
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов Словакия ва Ўзбекистон муносабатлари 2024 йил сезиларли даражада жадаллашганини таъкидлади. Ўзаро савдо миқдори 72,5 миллион еврога етиб, 2023 йилга нисбатан 48,7 фоиз ошган.
Ҳозир юртимизда ушбу давлатнинг 19 компанияси фаолият юритмоқда. Бинобарин, бу рақам мавжуд икки томонлама салоҳиятни акс эттирмайди. Шу нуқтаи назардан меҳмонлар мамлакатимиз бозоридаги ўрнини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга жиддий қизиқиш билдиргани эътиборли.
[gallery-23822]
Масалан, AZC, OFZ, “Rokosan”, “Matador” компаниялари автомобилсозлик, металлургия, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва энергетика соҳаларида бой тажрибага эга. Словакия экспортида асосий ўринни шина, автомобиль қисмлари, металл буюмлар эгаллайди. Ҳамкорлар диёримиздан гуруч, мева, кийим-кечак импорт қилиш бўйича қатор ташаббусларни илгари суришди. Мазкур ижобий ўзгаришлар экспортни 54,8 фоиз ўстириб, импортни 3,5 фоиз камайтириши таъкидланди.
Ўзбекистон минтақада инвестиция, инновация ва тараққиёт учун жозибадор марказ бўлиб қолмоқда. Ҳар икки томон келажакда алоқаларни янада чуқурлаштириб, қўшма лойиҳалар амалга ошириш орқали иқтисодий ҳамкорликда янги уфқлар очиш учун тайёрлигини билдирди.
Форум доирасида кўплаб битимлар имзоланди. B2B ва G2B форматида ташкил этилган мулоқотлар давомида бизнес алоқалари ўрнатиш, шерикликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилиш имкони пайдо бўлди. Тадбир якунида машинасозлик, фармацевтика, кимё, транспорт, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, энергетика, озиқ-овқат саноати, ахборот технологиялари, соғлиқни сақлаш ва металлургия соҳаларидаги 15 лойиҳа бўйича ҳужжатлар қабул қилинди.
Беҳруз Худойбердиев, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА