Ўзбекистон – Сингапур: муносабатлар янги босчқичга кўтарилмоқда
Ўзбекистон ва Сингапур ҳамкорлиги ривожланиб бормоқда. Шу йил Президентлар Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга, Ҳалима Яқубнинг мамлакатимизга ташрифи яқин шерикликнинг тасдиғи сифатида, айниқса, иқтисодиёт, таълим, маданият соҳаларида яққол намоён бўлмоқда.
ЎзА мухбири икки давлат муносабати жорий ҳолати ҳақида ўқувчиларга батафсилроқ маълумот тақдим этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи методик марказ илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Санобар Толибовадан интервью олди.
– Сингапур – Осиё тараққиёт моделида биринчи тўлқин янги индустриал ҳудудлари (Жанубий Корея, Тайвань, Сингапур, Гонгконг) сифатида эътироф этиладиган гуруҳга кирувчи, бошқача айтганда “Осиё йўлбарслари”, “Кичик аждаҳолар” туркумидаги жаҳон иқтисодий сиёсати нуфузли мамлакатларидан биридир.
Турли иқтисодий кўрсаткичлар бўйича Жануби-шарқий Осиёда етакчи ҳисобланадиган, энг муҳими, жаҳон сиёсий аренасида мавқеини оширишда давом этаётган ушбу шаҳар-давлат дунёнинг, деярли, барча минтақалари билан икки ва кўп томонлама манфаатли ҳамкорлик ўрнатган, халқаро тузилмаларнинг фаол аъзосига айланган.
Сингапур Республикаси Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил тан олган, 1997 йил 8 апрелда давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилган. Ўзбекистон элчихонаси Сингапурда, нисбатан кечроқ, яъни 2007 йилдан фаолият олиб бормоқда.
Шундан буён олий даражадаги, парламентлараро ва турли вазирлик, идоралар ўртасида мунтазам учрашувлар ўтказиб келинади. Ўзаро муносабатни чуқурлаштиришда ташқи сиёсий фаолият идоралари маслаҳатлашувлари муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Сингапур мулоқоти мутлақо янги босқичга кўтарилди, десак муболаға эмас. Жорий йил январь ойида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакатга давлат ташрифини амалга ошириб, Президент Ҳалима Яқуб ва Бош вазир Ли Сян Лун билан музокара ўтказди, ишблармон доира вакиллари билан учрашув ўтказди.
Тадбирлар доирасида кўплаб икки томонлама хужжатлар, жами 5 миллиард долларлик шартнома ва битимлар имзоланди.
Ўзбекистон етакчисининг Сингапур миллий университети ҳузуридаги Ли Куан Ю номли Давлат сиёсати мактабига ташрифи илм-фан, таълим ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни юксак даражага олиб чиқишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Хусусан, Шавкат Мирзиёев Сингапур компанияларининг юртимиздаги хусусийлаштириш жараёнида иштироки, шаҳар ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, кимё ва тўқимачилик, “яшил” иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш каби муҳим йўналишларда қўшма лойиҳалар амалга ошириш узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун энг истиқболли йўналишлар эканини белгилаб берди.
Умуман, Ўзбекистон билан Сингапур савдо-иқтисодий муносабатда тенг манфаатли шериклик хусусиятига эга. Бу ҳар икки давлатнинг барқарор ривожланишида жуда муҳим.
2022 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, мамлакатимизда сингапурлик сармоядорлар иштирокида тузилган 105 корхона фаолият олиб бораётгани қайд этилган. Шулардан 61 таси якка тартибдаги тадбиркор, 44 таси хорижий корхона. Асосий соҳалар сифатида электротехника, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, таълим, савдо, автомобилсозлик каби йўналишларни кўрсатиш мумкин.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик кўлами ҳам жадал кенгаймоқда. Ушбу ҳамкор давлат 2008 йил пойтахтимизда Жануби-шарқий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Сингапур менежментни ривожлантириш институти филиалини очди. Айни пайт институтда жами 5159 талаба таҳсил оляпти. 2021 йилдан Сингапурдаги ТМC академияси филиали саналган Тошкент технология, менежмент ва коммуникация институти фаолияти йўлга қўйилган. Мазкур олий ўқув юрти билан келишувга асосан, умумий даромаднинг бир фоизи БМТ Оролбўйи ҳудудида инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама траст фондига ўтказиб келинмоқда.
Мактаб таълими соҳасида Ўзбекистоннинг 14 та Президент мактаби ва Қорақалпоғистон Республикасининг 300 та мактабида “Six Clouds” компаниясининг инглиз тилини ўрганиш бўйича интер фаол онлайн дастури ишга туширилган.
2018 йил Сингапур компанияси ҳамда ўша пайтдаги Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида Тошкент шаҳрида “Modern Montessori International” мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисида ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Бугунги кунда кадрларни тайёрлаш ва салоҳиятини ошириш бўйича ҳам яқин ҳамкорлик мавжуд.
Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги ўхшаш жиҳатлар дин, қадриятлар яқинлиги, меҳнаткашлик, меҳмондўстлик, шарқона менталитет каби умумий хусусиятларда намоён. Демак, икки ва кўп томонлама ижтимоий-сиёсий ҳамда маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали тараққиёт соҳасида ушбу мамлакат тажрибасини ўрганиш Ватанимизни барқарор ривожлантиришда ўзига хос, муҳим омилдир.
ЎзА мухбири
Беҳруз Худойбердиев
ёзиб олди.