Ўзбекистон – шахмат олимпиадасини қабул қилишга даъвогар
2026 йили ўтказиладиган 46-жаҳон шахмат олимпиадаси мамлакатимизда ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерациясида ўтказилган йиғилишда эълон қилинди. Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон 46-шахмат олимпиадасини қабул қилган даъвогар давлатлар учун бўлиб ўтадиган тендерда иштирок этади.
Маълумки, яна 20 кундан сўнг Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 44-шахмат олимпиадаси бошланади. Мазкур чемпионат мобайнида Халқаро шахмат федерациясининг конгресси ўтказилиб, унда бир қатор масалалар тизимида 2026 йилги Жаҳон шахмат олимпиадаси мезбон мамлакат номи ҳам эълон қилинади.
2018 йили Батумида ўтган 43-шахмат олимпиадаси доирасида ўтган конгрессда 2024 йили ўтадиган 45-олимпиадани қабул қилишда Венгрия пойтахти Будапешт ғолибликни қўлга киритганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 августига қадар давом этадиган 44-шахмат олимпиадасида 187 нафар эркак, 162 нафар аёллар жамоалари қатнашиш учун талабномаларни тақдим этган.
Т. Рўзиев,
ЎзА