Ўзбекистон шароитида авокадо етиштириш мумкинми?
Авокадо мевасида жуда катта миқдорда витамин Е бўлиб, у организм ва ҳужайраларни вируслардан ҳимоялайди. Хотирани яхшилайди, юрак фаолиятини нормаллаштиради, қон-томир касалликлари хавфини камайтиради. Чунки авокадо фойдали ёғ кислотасига эга. Калий моддаси туфайли авокадо сув-туз балансини тартибга солиб, стресларга бардошлироқ бўлишни таъминлайди. Шунингдек, бу мева аёллар организмига жуда мос бўлиб, турли парҳезларда ҳам қўл келади.
Аслида бу меванинг ватани Америка. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда авокадо мевасини махсус иссиқхоналарда етиштириш мумкин. Авакадонинг митти навлари хона шароитида ҳам яхши ўсади. Авокадони данагидан ҳам ўстириш мумкин, лекин бу жараён узоқ давом этади ва ҳар доим ҳам муваффақиятга эришиш қийин. Кўпинча бундай ўсимликлар мева бермайди, фақат яшиллиги билан кўзни қувонтиради.
Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, жорий йилда Ўзбекистонга 272,6 тонна авакадо импорт қилинган. Мазкур меванинг импорти ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, 33,2 тоннага ошган.
2023 йилда мамлакатимизга энг кўп авакадо импорт қилган давлатлар:
➖ Қозоғистон – 134,4 тонна
➖ Туркия – 101,7 тонна
➖ Кения – 26,7 тонна
➖ Хитой – 7,4 тонна
➖ Перу – 1,2 тонна
➖ Россия – 1,1 тонна
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бир килограмм авокадо етиштириш учун 270 литр сув керак. Сув муаммоси кескинлашса, авокадо етиштириш ўта серчиқим машғулотга айланади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА