English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Сенати ва Венгрия Миллий Ассамблеяси ўртасида англашув меморандуми имзоланди

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги парламент делегацияси Будапештга ташриф доирасида Венгрия Миллий Ассамблеяси Раиси Ласло Кёвер билан учрашди.

Томонлар ўзаро дўстликка асосланган муносабатлар мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди. Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги савдо ҳажми барқарор ўсиб, қўшма инвестиция лойиҳалари ва саноат кооперацияси изчил кенгайиб бормоқда. Маданий-гуманитар йўналишда фаол ҳамкорлик ўрнатилган.  

Дўстлик гуруҳлари фаолиятини жонлантириш, парламент аппарати ходимлари учун қисқа муддатли стажировкалар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Қонунчилик жараёнини рақамлаштириш ва электрон парламент тизимини ривожлантириш, фан, таълим, сув ресурсларини бошқариш, қишлоқ хўжалиги ва энергетика соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш ҳамда парламент фаолияти бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга доир муҳим ҳужжат имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати  ва Венгрия Миллий Ассамблеяси ўртасида англашув меморандуми ҳам имзоланди.

Ушбу ҳужжат икки давлат парламентлари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва манфаатли шерикликка асосланган ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.

Ҳужжатга мувофиқ, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик институционал жиҳатдан мустаҳкамланади. Шу билан бирга, икки томонлама муносабатларни изчил ва самарали ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилади.

Хусусан, конституциявий ислоҳотлар ва қонун ижодкорлиги жараёни бўйича тажриба алмашиш, парламент ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни такомиллаштириш, парламент қўмиталари ўртасида доимий маслаҳатлашувлар ўтказиш, дўстлик гуруҳлари фаолиятини кенгайтириш ва парламент девонлари ўртасидаги ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш йўналишларида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилади.  

Англашув меморандуми Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда икки мамлакат халқлари манфаатлари йўлида амалий натижаларга эришишга хизмат қилади.  

Н.Абдураимова, ЎзА