Ўзбекистон – Руминия. Ҳамкорлик йўлида янги қадамлар
Яқин тарих ва келажак…
Ҳар йил октябрь ойи бошида Ўзбекистон ва Руминия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилган кун нишонланади. 28 йил илгари дўстлик битимига эришгач, турли соҳаларда яқин ҳамкорлик қилиб келаётган бу икки юрт ижтимоий-сиёсий жараёнда бир-бирини қўллаб келмоқда.
Аҳолиси 20 миллиондан зиёд, Европа жануби-шарқида жойлашган Руминия маъмурий жиҳатдан 40 уезд ва уездга тенглаштирилган Бухарест муниципиясидан иборат.
Мамлакатнинг амалдаги конституцияси, қаранг-ки, бизнинг қомусимиздан роппа-роса бир йил олдин – 1991 йил 8 декабрь куни референдум йўли билан қабул қилинган. 1955 йилдан буён БМТ аъзоси ҳисобланган Руминия Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 20 декабрда тан олган, 1995 йил 6 октябрда ўзаро дипломатия муносабати ўрнатилган.
Ўзбекистон ва Руминия ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганига 28 йил тўлгани муносабати билан ЎзА «Халқаро муносабат. Ўзбекистон» лойиҳасининг навбатдаги сонида икки мамлакат ҳамкорлиги ривожланиши суръатига, шунингдек, яқин тарихга мурожаат қилади.
Руминиянинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Кристиан Чобану мазкур аҳамиятли сана муносабати билан ўзбек халқига табрик йўллади.
Қутлов мурожаатида дипломат ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланаётгани, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар икки томонлама алоқани чуқурлаштириш учун янги имконият очаётганини таъкидлаган.
Дарҳақиқат, давлатларимиз ўзаро манфаатли шериклик учун улкан салоҳиятга эга. Буни яқин тарих кўрсатиб турибди.
Сиёсат ва дипломатия
Сўнгги йилларда сиёсий-дипломатик даражада яхши натижаларга эришилди. Руминия Ташқи ишлар вазирлигининг Стратегик масалалар бўйича давлат котиби, жаноб Ю.Фота ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғ.Фозилов ўртасида бўлиб ўтган маслаҳатлашув чоғида ҳамкорликнинг умумий ҳолати ҳақида маълумот тақдим этилганди.
Ўтган йил 18 декабрь куни Руминия элчихонаси Ўзбекистон билан икки ва кўп томонлама муносабатни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан миннатдорлик мактуби олган.
Савдо-иқтисодиёт
Руминия статистикасига кўра, 2022 йил якуни бўйича савдо айирбошлаш миқдори 2021 йилга нисбатан 330 фоиз ошган. Ўзбекистоннинг Руминияга экспорти сезиларли даражада кўпайган, ўтган йил Руминиянинг республикамизга экспорти эса Озарбайжон, Арманистон ёки Туркманистон каби географик жиҳатдан яқин жойлашган мамлакатлар билан қайд этилган кўрсаткичдан ошган.
Маданият
Муносабатлар тарихида илк бор “Руминия киноси кунлари” (2022 йил) ўтказилиши, Халқаро Руминия кийимлари кунига бағишланган тантанали тадбирлар (2022 ва 2023 йиллар), Тошкентда ажойиб кўргазмалар (2022 йилда “Руминиянинг жаҳон меросига қўшган ҳиссаси”, “Руминия дипломатияси ва Буюк Иттифоқ”, “Буюк ҳайкалтарош Константин Бринкуш ижоди”, “Жорж Энеска. Руминиянинг атоқли бастакори хотирасига”, 2023 йил “Бухарест – кичкина Париж”), VII Халқаро жаз фестивали доирасида Руминиянинг “Ineffable” гуруҳи концерти ташкил этилиши алоҳида аҳамият касб этди.
Бир неча кун аввал “Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида “Тоғларни кўчирувчи ота” ва “Микадо” номли румин киноси дурдоналари намойиш этилди.
Таълим
Келажагимиз – ёшлар муносиб билим олиши учун муҳим ташаббуслар илгари сурилаётгани қувонарли. Таълим сифатини оширишга қаратилган ислоҳотлар йўли икки юрт қарашларига эш. Жаҳон тажрибасига таяниб, фарзандларини баркамол этиб тарбиялаш йўлида собит Ўзбекистон ва Руминия “эртани ўйлаб, бугун кечаги кундан сабоқ чиқариб, ҳеч вақт ҳаракатдан тўхтамаслик керак” тамойилга қатъий риоя қилади.
2022 йил сентябрда Руминия таълим вазири Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири билан учрашув ўтказган. Руминия вазири Нью-Йоркда, БМТ Бош Ассамблеяси доирасида делегациямиз томонидан ташкил этилган “Таълимни ўзгартириш ёшликдан бошланади: илк даврдан пойдевор қўйиш” мавзусидаги тадбирда сўзга чиқиб, мамлакатларимиз жуда муҳим ва порлоқ келажакка элтувчи таклифлар ижрочисига айланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаган.
Ўзаро муносабатнинг яна бир ижобий кўриниши сифатида Руминия ЮНИСЕФ кўмагида Хоразм вилояти олис қишлоқ болалари учун икки муқобил мактабгача таълим муассасаси очилиши учун маблағ ажратганини айтиш мумкин. Олий ўқув юртларимиз ҳам яқин ҳамкорлик қилади. Европа Иттифоқининг 11октябрь куни Самарқанд, 13 октябрь куни Наманганда бўлиб ўтадиган таълим кўргазмасида Руминиянинг икки нуфузли университети таништирилади.
Туризм
2022 йил май ойида Тошкентда Ўзбекистон ва Руминия саёҳлик агентликлари миллий ассоциациялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди. Ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида Руминиядан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2021 йилнинг шу даври билан қиёслаганда 40 фоиз ўсди. Демак, айни йўналишдаги ишлар самара бермоқда.
Руминия Европа Иттифоқи доирасида ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилади. Жумладан, ЕИнинг Марказий Осиё учун стратегиясини қўллаб-қувватлайди, биргаликдаги лойиҳаларни илгари суришда давом этади. Бу борадан Қора денгиз – Каспий денгиз халқаро транспорт йўналиши стратегик аҳамиятга эга.
– Мен диёрингизда 2021 йил 3309 метрли Катта Чимён, 2022 йил 4083 метрли Ҳазрат Султон ва 2023 йил 2823 метрли Пўлатхон платоси сингари бир неча энг баланд чўққиларни забт этган ва ўша манзилларда Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан табрикли видеороликлар ёзиб олган биринчи элчи бўлганимдан ғурурланаман, – дейди элчи Чобану. – Халқ дипломатиясининг ютуғи сифатида бундай тадбирлар кенг жамоатчиликка манзур бўлади. Келажакда Руминия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабат ҳам мана шундай юқори чўққиларга кўтарилишига ишонаман.