Ўзбекистон – Россия: тиббиётдаги ҳамкорлик
Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлашда Бухоро вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Россия Федерациясининг Кемерово шаҳридаги юрак-қон томир касалликларининг комплекс муаммолари илмий-тадқиқот институти профессорлари В.Ганьюков ва Р.Тарасов республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида бўлди.

Меҳмонларни муассаса директори, тиббиёт фанлари номзоди М.Ражабов бошчилигидаги масъуллар кутиб олди. Филиалда амалга оширилаётган тиббий хизматлар кўлами, даволаш-диагностик меъёр талаблари ижроси, мутахассислар малакасини ошириш ва илмий изланишларда эришилаётган ютуқлар, белгиланган режалар ҳамда қўлланилаётган юқори технологик мураккаб операциялар билан яқиндан таништирди.

Ўз навбатида, филиалда кардиоваскуляр тиббиётни ривожлантириш мақсадида Россиянинг Кемерово илмий тиббиёт институти ҳамда унинг тизимидаги тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни олиб бориш орқали соҳа бўйича илм-фан ва тажриба ошириш ҳамда ёш мутахассисларни клиник йўналишда дипломдан кейинги амалиёт олишларига шароит яратиб бериш борасида икки ёқлама келишувга эришилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири