Ўзбекистон – Россия: тиббиётда ҳамкорлик
Санкт-Петербург тиббиёт туризмини ривожлантиришга кўмаклашиш ассоциацияси раҳбари Константин Прудников Ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро филиалида бўлди.
Филиал директори Ғафур Саидов билан бўлган мулоқотда ёш ва малакали мутахассислар тажрибасини ошириш, ходимларнинг илмий-амалий тадқиқот ишларини ташкиллаштириш, онлайн телемедицинани йўлга қўйиш орқали ўзаро концилиум — маслаҳатлашувларни кўпайтириш, тор доирадаги мутахассисликларга доир икки томонлама илмий-амалий анжуман, конференция ва маҳорат дарсларини ўтказиш, шу орқали даволаш ишлари самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама этилди.
Самимий ва конструктив тарзда ўтган музокара сўнгида филиал ҳамда Санкт-Петербург тиббиёт туризмини ривожлантиришга кўмаклашиш ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Маълумот учун, республика Ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро филиали 150 тага яқин стационар ўрни ва 90 қатновга мўлжалланган. Муассасада ёрдамчи бўлимлардан клиник лаборатория, патоморфология, юқори аниқликда ташхис қўйишда кенг фойдаланилаётган ФГДС, колоноскопия, бронхоскопия, УТТ, ЭКГ аппаратларига эга функционал ҳамда нурли диагностика, рентген–радиология, ички дорихона бўлими ва зарарсизлантириш хоналари фаолият юритмоқда.
Марказ филиалида олдин бажарилмаган диагностик торакоскопия, простата бези ўсмаларини турли текширув усуллари йўлга қўйилган. Аввал амалиётда қўлланилмаган вилоят даражасидаги 17 турдаги, республика даражасидаги 8 турдаги мураккаб оператив даво усуллари юқори малакали мутахассислар кўмагида шу ерда амалга оширилмоқда. Натижада охирги уч йилда бажарилган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари сони 700 тадан ошган. Мазкур филиалда 2018 йилда 18 ўринга мўлжаллаб ташкил қилинган нейроонкология ва реконструктив хирургия бўлими республикамиздаги бошқа онкология марказларида йўқ. Умуман, филиал саъй-ҳаракати билан хавфли ўсмалар бўйича умумий операциялар сони ҳам барқарор ўсиб бормоқда. Чунончи, 2020 йилда бу кўрсаткич 1 минг 233 тага етган бўлса, 2022 йилда деярли икки баробарга ошган.
Онкологик касалликларни аниқлашда эрта ташхис қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Бухоро филиали поликлиникасида беморларни текшириш ва клиник ташхис қўйишда замонавий технологиялар ва хориждан келтирилган тиббий ускуналардан фойдаланилаётгани ўз самарасини бермоқда. Онкологик касалликни даволашда касалхонадан олдинги босқичда беморларни тўлиқ текшириш, аниқ ташхис қўйиш, онкологлар, рентгенологлар, кимё-терапевтлар ва етакчи мутахассислардан иборат даволаш маслаҳат комиссиясида ташхис қўйилган беморларни даволаш чора-тадбири айнан поликлиникадан бошланади.
Ҳар йили мазкур поликлиникага мурожаат қиладиганлар сони 20 мингдан ошади. Бу масканда касалликни илк босқичларида аниқлаш имкони мавжудлиги боис шифокорлар нафақат Бухоро, балки Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм вилоятлари аҳолисига ҳам малакали тиббий хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда бош ва бўйин патологияси, тери саратони, оғиз шиллиқ қавати саратони, лаб пастки ва юқори жағ, бош ва бўйиннинг юмшоқ тўқималари турли ўсмалари, қорин бўшлиғи онкологияси каби кўплаб касалликлар, шунингдек, аёлларда учрайдиган касалликларнинг эрта босқичи даволанади. Бачадон бўйни ва кўкрак саратони скрининги, юмшоқ тўқималар, оғиз шиллиқ қавати ва сут безларида 500 дан зиёд жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Марказ лабораториясида гистологик, иммуногистохимик таҳлиллар қилинади.
Филиал айни кунда Туркия, Германия, Россия, Ҳиндистон каби тиббиёти ривожланган ўндан ортиқ давлат билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА