31 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Ҳукумат аъзолари ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Дастлаб сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир масала юзасидан ахборотини эшитди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сонли фармони билан республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилган.

Шу билан бирга, ҳудудий экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш тўғрисидаги хулосаларига қарамай, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан дарахт ва буталарни кесишга ноқонуний рухсат берилиши кузатилаётгани қайд этилган.

Мазкур масала кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эътирозларини келтириб чиқармоқда. Жумладан, 2021 йил ўтган даври мобайнида электрон оммавий ахборот воситаларида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилишига доир 41 та материал эълон қилинган.

Қайд этилганидек, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 597 та ҳуқуқбузарлик содир этилган ва ўсимлик дунёсига 6,7 миллиард сўм зарар етказилган. Ачинарлиси, аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида 2 407 та қимматбаҳо навли дарахт, 2 109 та кам қимматли дарахт, 1 744 м3 буталар ноқонуний кесилган.

Бу борада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ва шикастлантирилиши билан боғлиқ ҳолатлар энг кўп Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий, Тошкент вилоятлари ҳиссасига тўғри келган. 

Бугунги кунда дарахтларнинг хатлови ҳар беш йилда бир марта ўтказилади, бу республикада ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар кесилиши билан боғлиқ ҳолатларнинг кўпайишига ҳамда аниқ статистик маълумотлар юритилмаслигига сабаб бўлмоқда.

Мажлисда сенаторлар томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг кесишнинг олдини олиш, атроф-муҳит ва экологияни асраб-авайлаш, жамоатчилик эътирозига сабаб бўлувчи бу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимли ишларни ташкил этишга қаратилган тадбирларни янада кучайтириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.

Бугунги кунда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги муносабатлар 20 га яқин қонуности ҳужжатлар билан тарқоқ ҳолда тартибга солинади ва мазкур йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган барча тадбирлар қонунчиликда назарда тутилмаган.

Шунинг учун республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона ҳуқуқий нормаларни жорий қилиш зарур.

Юқорида қайд этилганларни ҳисобга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонуни ишлаб чиқилди.

Ҳужжат билан давлат органларининг, хусусан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сейсмик хавфсизликни таъминлаш борасидаги асосий ваколатлари белгиланмоқда. Сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектларнинг таснифи ҳамда бинолар ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлик бўйича текшириш, шунингдек, зилзилаларнинг содир бўлиш эҳтимолини аниқлаш тартиби ҳам белгиланмоқда.

Бундан ташқари, қонун билан кучли зилзила оқибатларини бартараф этиш, кучли зилзилалар натижасида зарар кўрган объектларни тиклаш – давлат бюджети, халқаро молия институтлари маблағлари ва бошқа тақиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилиши, шунингдек, фуқароларнинг сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Умуман, қонун республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга, шу билан бирга, сейсмик мустаҳкам бино ва иншоотларни қурилиши сифати устидан назорат қилишга хизмат қилади.

Сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.

Сўнгра сенаторлар томонидан “Ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек, ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун билан 6 та кодекс ҳамда 12 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунда:

- қонунлар асосий тушунчалар акс эттирилган алоҳида модда билан тўлдирилган;

- туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти органларининг эгалик қилишга, фойдаланишга ва ижарага ер бериш, ер участкаларини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари билан биргаликда юридик ва жисмоний шахсларга мулк этиб реализация қилиш ҳамда ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини ким ошди савдоси асосида фуқароларга реализация қилиш каби ваколатлари бекор қилинмоқда;

- юридик шахсларнинг ер участкаларига бўлган доимий эгалик қилиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш, шунингдек, жисмоний шахсларнинг ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ҳуқуқлари чиқариб ташланмоқда;

- ер участкасини шартнома асосида ижарага бериш учун асос бўлувчи ҳолатлар ва ижарага бериш муддатлари аниқ белгилаб берилмоқда;

- қонун билан аниқ белгиланган ҳолларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тўғридан-тўғри ажратишга рухсат берилмоқда;

- ер участкаларини ажратиш ва улардан оқилона фойдаланиш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини ўрнатишнинг янги механизми жорий этилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик соҳасидаги ер муносабатлари такомиллаштирилишига, ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар мақбуллаштирилишига, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни, айниқса, суғориладиган ерларнинг муҳофаза қилинишига, ер участкаларини беришда шаффофлик ва очиқлик таъминланишига ҳамда коррупция ҳолатлари камайишига, ер ажратишда ягона шахс томонидан қарор қабул қилиш механизми тугатилишига хизмат қилади. Бу эса ерга нисбатан мулкчилик ҳуқуқини мустаҳкамлайди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони, шунингдек, ўлим ҳолатлари сони тобора кўпайиб бормоқда. Аҳолининг оммавий вакцинацияси ушбу касалликка қарши курашишнинг самарали чораларидан бири ҳисобланади.

“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги амалдаги қонунларда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар доирасида профилактик эмлашлар ўтказишни жорий этиш чоралари назарда тутилган. Бунда фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган (атрофдагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга мазкур розиликсиз тиббий ёрдам кўрсатилиши бундан мустасно).

Бироқ ушбу қонунда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги юзасидан норма мавжуд эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ишлаб чиқилди.

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда;

Қонуннинг қабул қилиниши коронавирус инфекциясининг янги тўлқинларининг олдини олиш учун аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлашга ҳамда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятларни бартараф этишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Сенатнинг 2021 йил апрель ойида бўлиб ўтган ўн тўртинчи ялпи мажлисида лицензиялаш, рухсат бериш, хабардор этиш масалалари маънан эскирган ва тарқоқ қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб келинганлиги сабабли замон талабларига мос келадиган ва соддалаштирилган ягона қонун маъқулланган эди.

Ҳужжат билан миллий қонунчилигимизда ўз ўрнига эга маъқулланган мазкур қонун амалда бўлган 70 турдаги лицензияланадиган фаолият ва 34 турдаги рухсатномаларни бекор қилиши билан бирга, лицензия ва рухсатномалар соҳасини тартибга солувчи 33 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кераклиги талабини ҳам келтириб чиқарган.

Жумладан, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартишлар киритилиб, амалдаги қонундаги банк томонидан филиални ташкил этишга доир Марказий банкдан рухсатнома олиши тартиби бекор қилиниб, ўрнига Банклар ўз филиали ёки банк хизматлари офисини очганлик ва тугатганлик тўғрисида Марказий банкни белгиланган тартибда хабардор этади, деб белгиланмоқда.

Лицензиялашдан ташқари бошқа рухсат бериш тартиб-таомиллари ёки хабардор қилиш тартиби амал қиладиган фаолият бошқа турларидан ҳам ғайриқонуний равишда кўп миқдорда даромад олиш мумкинлигини инобатга олиб, улар учун самарали жавобгарлик механизмларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши ишбилармонлик муҳитини фаоллаштиришда муҳим ўрин тутувчи лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларига оид қонунлар самарадорлигининг ошишига хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ўн еттинчи ялпи мажлисда сенаторлар “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқди.

Мазкур қонун интеллектуал мулк объектларига талабнома топширувчилар талабларини тўлақонли инобатга олиш, соҳада жаҳон тажрибасини муваффақиятли амалга ошириш, соҳа бўйича халқаро рейтинглардаги ўринни мустаҳкамлаш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги халқаро ҳужжатлар талабларини бажариш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.

Қолаверса, интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнига тезкор экспертизани жорий этиш, интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш муддатлари сезиларли даражада қисқартиришлар, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасида мулкий ҳуқуқлар ҳимоя муддатини узайтириш, етказилган зарар учун товон миқдорининг белгиланиши каби масалалар ўз ифодасини топмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

“Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига бюджет тизимига маблағлар тушумларининг тўлиқлигини ўрганиш ҳамда бюджет шаффофлигини назорат қилиш вазифаси белгиланган эди.

Шу муносабат билан қонунда Ҳисоб палатаси томонидан бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибига риоя этилишини таъминлаш борасидаги меъёрлар белгиланган. Ушбу меъёрлар бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар маблағларининг шаклланиши ва мақсадли фойдаланиш масалаларига ҳам тегишлидир.

Шунингдек, янги таҳрирда қабул қилинган “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун билан Ҳисоб палатасига давлат харидлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг тўғри қўлланилиши устидан назоратни амалга оширилиши юклатилган.

Шундан келиб чиқиб, қонун билан давлат харидларини амалга оширишда давлат маблағларидан самарали ва мақсадга мувофиқ фойдаланиш устидан молиявий назоратни амалга ошириш тартиби белгиланмоқда.

Қонунга кўра, эндиликда Ҳисоб палатаси коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тизимини ўз вақтида жорий этишга ва унинг самарали фаолият кўрсатишига монелик қилаётган омилларни аниқлайди, шунингдек, уларни тизимли равишда таҳлил қилиб, уларнинг натижалари бўйича ахборот киритиши белгиланмоқда.

Қолаверса, қонунда Ҳисоб палатасига яширин иқтисодиётни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларнинг бажарилишини назорат қилиш билан боғлиқ бўлган вазифалар белгиланган.

Қонун билан Ҳисоб палатасининг бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш соҳасидаги функциялари белгиланган.

Таъкидланганидек, қонун билан Ҳисоб палатасининг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишдаги мавжуд камчиликлар бартараф этилган.

Умуман, қонун миллий амалиёт ва хорижий давлатларнинг кўп йиллик ижобий тажрибасини ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бажарилиши устидан ҳамда бюджет тизими бюджетларига ва бошқа жамғармаларга маблағларнинг тўлиқ тушиши ва бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибига риоя этилиши, иқтисодиётда яширин иқтисодиётнинг қисқартирилиши устидан давлат назоратини амалга оширишни таъминлайди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгра “Зайтун мойи ва зайтун меваси тўғрисидаги халқаро битимга (Женева, 2015 йил 9 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Битимнинг асосий мақсади зайтун етиштириш соҳасидаги миллий ва халқаро қонунчиликни уйғунлаштириш, ахборот алмашишга кўмаклашиш, илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, зайтун меваси етиштириш ва зайтун мойи ишлаб чиқариш соҳасидаги техник ҳамкорликни ва тадқиқотларни рағбатлантиришдан иборат.

Муҳокамаларда Ўзбекистонда бу борада салмоқли салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Масалан, зайтун меваси Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон ва Олтинсой туманларида ҳамда Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида қарийб 20 гектар майдонда етиштирилади. Шу билан бирга, мамлакатда зайтун етиштириш ва уни қайта ишлашнинг қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича илмий асосланган стандартлар ва тавсиялар ҳали мавжуд эмас.

Сенаторлар ушбу қонун қабул қилиниши ва мамлакатимизнинг халқаро битимга қўшилиши мамлакатимизда саноатни янада ривожлантириш учун қатор имкониятларни очиб беришини, шу жумладан, янги зайтун плантацияларини ташкил этиш, уларни қайта ишлаш корхоналарини ишга туширишни, шу жумладан, хорижий мамлакатлар билан яқин илмий-техник ва сармоявий ҳамкорликда ишга тушириш учун имкониятлар яратилишини таъкидладилар.

Ҳужжат мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятлари ва ички қонунчилигига зид келмаслиги ва Ўзбекистон Республикасининг туб манфаатларига тўлиқ жавоб бериши қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қарорларини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масалани муҳокама қилди.

Мазкур масала Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилган. Яккабоғ туман ҳокимининг 2020 йил 18 майдаги қарорига асосан “Қоплон дара шаҳзодаси” МЧЖ шаклидаги агрофирмага қуёнчиликни ривожлантириш учун туман захира фондидан узоқ муддатли ижара шартнома асосида 17 гектар ер майдони ажратилган.

Шундан сўнг туман ҳокимлиги ҳамда “Қоплон дара шаҳзодаси” МЧЖ шаклидаги агрофирма ўртасида 49 йил муддатга ер ижара шартномаси тузилган. Аммо халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгашининг 2021 йил 23 мартдаги қарорига асосан эса “Қоплон дара шаҳзодаси” МЧЖ шаклидаги агрофирма ҳамда яна қатор фермер хўжаликларига ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорлари бекор қилиниб, ер майдонлари туман захира фондига қайтарилган.

Ўрганишда аниқланганидек, мазкур қарорлар амалдаги қонунчилик ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган.

Шунга ўхшаш вазият Узун тумани ҳокимининг 2020 йил 26 мартдаги қарорида кузатилади. Унга кўра, фуқаро И.Муртазаевга пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжалиги ташкил этиш учун 52,7 гектар ер майдони ажратилган. Шундан кейин 2020 йил 11 апрелда туман ҳокимлиги ва “Замин Султон Барака” фермер хўжалиги раҳбари И.Муртазаев ўртасида ердан фойдаланиш бўйича 31 йилга мўлжалланган ижара шартномаси тузилган.

Аммо халқ депутатлари Узун туман Кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги “Тумандаги пахта-ғалла экини учун ажратилган ер майдонларидан самарали-оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида”ги қарори билан “Замин Султон Барака” ҳамда яна 35 та фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномалари муддатидан олдин бекор қилиниб, ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган.

Кўрилган масала юзасидан Сенат қарори қабул қилинди.

Ўн еттинчи ялпи мажлисда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича парламент назоратини кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ушбу йўналишда жорий йилнинг 23 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилишларига мажбур қилаётган муаммоларни маҳалланинг ёки ҳудудларнинг ўзида ҳал қилиш тизими тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги қаттиқ танқид қилинган ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилиш бўйича бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Қайд этилганидек, Сенат қўмиталари томонидан чуқур таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ахборотларини танқидий кўриб чиқади ҳамда парламент назоратини кучайтириб боради.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ахборотини эшитиш ва танқидий жиҳатдан муҳокама қилиш, шунингдек, жамиятда қизғин баҳсларга сабаб бўлган мурожаатлар юзасидан тезкор эшитувлар ташкил қилган ҳолда мутасадди шахслардан изоҳ талаб қилиб, камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига фуқаролардан энг кўп келиб тушаётган мурожаатлар, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган масалаларни таҳлил қилган ҳолда улар юзасидан тушунтиришлар бериб бориш бўйича вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулиятини кучайтириш юзасидан зарур чоралар кўриш топширилди.

Сўнгра сенаторлар Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламентини ва Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқди.

Ўтган давр мобайнида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Маҳаллий Кенгашлар ваколатлари ва вазифалари кенгайтирилди, бир қатор маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги белгиланди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашларда алоҳида котибиятлар ташкил этилиб, Кенгаш, доимий комиссиялар ва депутатлар фаолиятига ташкилий, таҳлилий жиҳатдан хизмат кўрсатиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш айнан ушбу орган зиммасига юклатилди.

Бу эса маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи асосий норматив ҳужжатлардан бири ҳисобланган Регламентга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этди.

Шу билан бирга бугунги кун амалиётида маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари фаолияти улар билан бевосита ҳамкорликда ишлайдиган Сенат қўмиталари фаолиятига тўла мос келмаслиги ҳар иккала томонга ҳам ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди.

Сенатнинг битта қўмитаси маҳаллий Кенгашлардаги бир нечта доимий комиссиялар билан ишлашга ёки аксинча маҳаллий Кенгаш доимий комиссиялари ҳам Сенатнинг бир нечта қўмиталари билан ишлашига тўғри келаётган эди.

Ўтган давр мобайнида қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижасида давлат бошқаруви соҳасидаги таркибий ўзгаришларни, шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатларининг таклифларини инобатга олган ҳолда, амалдаги маҳаллий Кенгашнинг намунавий Регламенти ҳамда доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом қайта ишлаб чиқилди.

Ялпи мажлис кун тартибига ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисидаги масала киритилган. 

Президентнинг “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида Олий Мажлис Сенатига ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тавсия қилинган.

Шу муносабат билан Сенат томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилмоқда.

Рейтинг тизимини ишлаб чиқишда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни асос қилиб олинган. У ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ёшларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, ёшлар учун очиқ ва сифатли таълимни таъминлаш, ёшларни ишга жойлаштириш ва уларнинг бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг ёшлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш каби рейтинг баҳолашнинг асосий устувор йўналишларини белгиламоқда.

Ишлаб чиқилган Низомга асосан Сенат ҳузурида рейтинг баҳолаш бўйича тузилган Республика комиссияси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши махсус индикаторлар асосида баҳоланади.

Республика комиссияси таркибига Сенат Раиси бошчилигида ёшлар билан бевосита ишлайдиган вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарлари жалб қилинган.

Мазкур Комиссия ҳудудларни рейтинг баҳолаш жараёнларини ташкил этади, мувофиқлаштиради, маълумотлар ва натижаларни умумлаштиради ҳамда мониторинг қилиб боради.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг туман ва шаҳарларда амалга оширилиши халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан индикаторлар асосида баҳоланади. Ҳудудларни рейтинг баҳолаш бўйича ишчи органи этиб Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги белгиланди.

Ғолиб ҳудудлар ҳар йили 1 июнга қадар Республика комиссияси томонидан эълон қилиб борилади.

Энг юқори балл тўплаган ҳудуд ғолиблик байроғи билан тақдирланади. Бундан ташқари, ғолиб бўлган ҳудудда 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси Ёшлари куни муносабати билан ёшлар ва талабалар форуми ташкил этилади.

Рейтинг баҳолаш натижалари Олий Мажлис Сенати мажлисларида, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашларида танқидий муҳокама қилиб борилади. Аниқланган муаммо ва камчиликларни жойида ҳал этиш чораси кўрилади.

Ҳар бир ҳудуднинг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича тақдим этган маълумотлари Сенат ишчи гуруҳи томонидан жойларга чиққан ҳолда ўрганилади. Баҳолаш тизими доимий Сенат назоратида бўлади.

Муҳокамалар давомида сенаторлар томонидан ушбу янги тизим ёшларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришга, улар учун кенг имкониятлар очишга, мутасадди раҳбарларнинг масъулиятини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунингдек, ялпи мажлисда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2020 йилдаги ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Ҳисобот даврида қўмита томонидан парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий манфаатларини таъминлаш, мамлакатнинг халқаро имижи ва нуфузини мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, COVID-19 глобал пандемиясига қарамай, ҳисобот даврида Сенатнинг парламентлараро ҳамкорлиги ошди. Гендер, минтақалараро ҳамкорлик, маърифатли Ислом ғояларини тарғиб қилиш, ҳаж ва ёшлар туризми соҳасида хорижий парламентлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан ҳамкорлик бўйича дўстлик гуруҳлари сони қарийб икки баробар кўпайиб, 49 тага етди.

Ҳисобот даврида қўмита томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари иштирокида ва қонунчилик фаолияти соҳасидаги экспертлар жалб этилган ҳолда 7 та қонун кўриб чиқилди ва тасдиқлаш учун Сенатга киритилди. 20 та назорат-таҳлил тадбири, шу жумладан, вазирлик ва идораларнинг 10 та ахбороти, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг 4 та ҳисоботи эшитуви ўтказилди (жами 23 нафар элчи ҳисоботлари эшитилди), 4 та қонун бўйича қонуности ҳужжатларини ижро этиш ва қабул қилиш ҳолати ўрганилди.

Қайд этилганидек, қўмита томонидан 2021 йилдан бошлаб жорий этилган олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича имзоланган “йўл хариталари”нинг бажарилиши устидан назорат амалиёти татбиқ этилди.

Фуқароларнинг мурожаатлари ва етакчи экспертлар билан маслаҳатлашувлар асосида энг долзарб ва тизимли муаммолар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига 3 та парламент сўрови тайёрланди. Фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан ҳамкорлик кучайтирилди. Мурожаатлардан келиб чиқиб, аҳолини ташвишга солаётган тизимли муаммо ва камчиликлар юзасидан парламент сўровлари юбориш амалиётга жорий этилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспортга кўмаклашиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳокимлар ўринбосарларининг ахбороти эшитувини ташкил этишда услубий ёрдам кўрсатиш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, хорижий мамлакатлар билан минтақалараро алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва хорижий мамлакатлардаги меҳнат мигрантларимиз учун қўшимча кафолатлар ва имкониятлар яратиш бўйича парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ишларини фаоллаштириш мақсадга мувофиқдир.

Ялпи мажлисда 19 та масала, шу жумладан, 7 та қонун муҳокама қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенати 

Ахборот хизмати

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ