Ўзбекистон Республикаси Жиноят қонунчилигида жиноятлар қандай таснифланган?
«2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»га мувофиқ Жиноят ва Жиноят процессуал қонунчилигини такомиллаштириш мақсадида 2018 йил 14 майда Ўзбекистон Президентининг 3723-қарори билан «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси қабул қилинди.
Концепцияда жиноят қонунчилигини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари, жумладан, жиноий қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва характерини белгиловчи муқобил кўрсаткичларни жорий этиш орқали жиноятларни таснифлаш тизими ва мезонларини қайтадан кўриб чиқиш вазифаси белгиланди.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: ижтимоий хавфи катта бўлмаган; унча оғир бўлмаган; оғир; ўта оғир жиноятларга бўлинади.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга - қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Ҳозирда Жиноят кодекси Махсус қисмида 587 та жиноят таркиби мавжуд бўлиб, шуларнинг 259 таси ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар саналади. Ушбу турдаги жиноятлар умумий жиноятлар миқдорининг 44,1 % ни ташкил этади.
Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда республикада содир этилаётган жиноятларнинг қарийб ярмини ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар ташкил этмоқда.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларнинг 103 тасида ёки 17,5% да озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари назарда тутилган. Шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар учун 2 та норма санкциясида фақатгина озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган, қолган 154 тасида альтернатив жазо турлари келтирилган.
Агарда содир этилган жиноят учун ЖК Махсус қисм моддасида озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазолар назарда тутилмаган ҳамда бошқа турдаги жазолар назарда тутилган бўлса, ушбу жиноятлар ижтимоий хавфлилик даражасига кўра - ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киради.
Унча оғир бўлмаган жиноятларга - қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Жиноят кодекси Махсус қисми нормаларининг 151 таси ёки 33,7% унча оғир бўлмаган жиноятлар улушига тўғри келади.
Жиноят кодекси Махсус қисмидаги 27 та жиноят таркибида ёки 6,3% ҳолатда унча оғир бўлмаган жиноятлар учун санкцияда фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлса, 124 таси ёки 93,6% ҳолларда эса альтернатив жазо турлари ҳам тайинланиши мумкинлиги белгиланган.
Оғир жиноятларга – фақат қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Жиноят кодекси Махсус қисм нормаларининг 114 таси ёки 19,4% ни оғир жиноятлар ташкил этади. Шулардан, 101 та турдаги жиноятлар (88,5%) санкциясида фақатгина озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлса, 13 турдаги жиноятлар (11,4%) санкцияларида озодликдан маҳрум қилиш жазолари билан биргаликда бошқа турдаги жазолар ҳам альтернатив жазо тури сифатида тайинланиши мумкинлиги белгиланган.
Ўта оғир жиноятларга – фақат қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Ушбу қоида талабларидан келиб чиқилса, жиноят кодексида бугунги кундаги мавжуд жиноят таркиблари умумий сонининг 63 таси (10,7%) ўта оғир жиноятларга тўғри келади, шулардан 62 таси ёки 98,4% учун модда санкциясида фақат озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган бўлса, 1 та (1,5%) модда санкциясида озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан биргаликда альтернатив жазо турлари ҳам тайинланиши мумкинлиги назарда тутилган.
Жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, уни янада либераллаштириш, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш ҳамда жиноятлар учун санкцияларни қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига қараб мувофиқлаштириш вазифаларидан келиб чиқиб, муҳокамага қўйилган Янги таҳрирдаги Жиноят кодексининг 17-моддасига кўра жиноятлар ўз хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига кўра: ижтимоий хавфи катта бўлмаган; унча оғир бўлмаган; оғир; ўта оғир жиноятларга бўлинади.
Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга қасддан ёки эҳтиётсизликдан содир этилиб, қонунда озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилмаган ёки уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Унча оғир бўлмаган жиноятларга қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради.
Ўта оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киради.
Шуни таъкидлаш лозимки, амалдаги Жиноят кодексида оғир жиноятлар эҳтиётсизлик орқасидан содир этилмайди. Таклиф этилаётган янги таҳрирдаги Жиноят кодексида оғир жиноятларга қасд айби шакли билан бирга эҳтиётсизликдан содир этилиб қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар кириши белгиланган. Хўш бу қанчалик асосли?
Бизнинг фикримизча бу ўзгартириш ривожланган хорижий мамлакатлар диққат марказида турган Ўзбекистоннинг жиноят қонунчилигида инсонпарварлик, одиллик, тамойиллари сусайтиради, Жиноят кодексида оғир жиноятларнинг сони кескин ошишига олиб келади. Ҳозирги кунда Жиноят кодекси Махсус қисм нормаларининг 114 таси ёки 19,4% ни оғир жиноятлар ташкил этади. Жиноят кодекси Махсус қисми нормаларининг 151 таси ёки 33,7% унча оғир бўлмаган жиноятлар улушига тўғри келади. Мазкур ўзгартиришни амалга киритиш орқали унча оғир бўлмаган жиноятларнинг катта қисми оғир жиноятлар таркибига ўтади ва бу амалиёт ўз-ўзидан Жиноят қонунчилигини либераллаштириш тенденциясини четлаб ўтади.
Тўғри, ЖКнинг 266-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмида жиноий оқибатда одам ва одамлар ўлими келиб чиқсада, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлсада, жиноятларни таснифлаш қоидасига асосан унча оғир бўлмаган жиноят деб таснифлаймиз. Ушбу амалиётни жабрланувчи тарафдан олиб қарайдиган бўлсак адолатсизлик, чунки жиноятчи шахс унча оғир бўлмаган қилмишни содир этиши билан унга Жиноят кодексининг Умумий қисм қоидалари, хусусан жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш масалалари оғир жиноятларга қараганда кенгроқ ва енгилроқ қўлланилади.
Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори Х.Каримовнинг фикрича жазони миқдори жиноятни ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланиши керак. Шу нуқтаи назардан Х.Каримов томонидан қасддан муайян қоидаларни бузиш натижасида эҳтиётсизлик орқасида содир этилган ва жазоси беш йилдан ортиқ бўлган ва оқибати ўлим ёки бошқа оғир оқибатлар билан боғлиқ бўлган жиноятларни оғир жиноятлар таснифига киритиш таклифи билдирилади.
Бизнинг фикримизча, Х.Каримовнинг мазкур таклифи асосли, Жиноят кодексининг таклиф этилаётган янги таҳририда белгиланган оғир жиноятлар тушунчасидан фарқли ўлароқ, оғир жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда жазоси беш йилдан ортиқ бўлган ва оқибати ўлим ёки бошқа оғир оқибатлар билан боғлиқ бўлган жиноятларни киритиш таклиф этилади. Бунинг натижасида унча оғир бўлмаган жиноятларнинг кўп бўлмаган яъни фақат оқибати ўлим ва бошқа оғир оқибатлар билан боғлиқ қисми оғир жиноятлар сирасига киради. Шунингдек, мазкур амалиёт жиноят содир этилиши натижасида жиддий зиён кўрган жабрланувчи ёки унинг яқинларига (ўлим ёки бошқа оғир оқибат келиб чиққан ҳолларда) ўз йўқотишлари учун аввалги тартибдан кўра жиддийроқ компенсация саналади.
Наргизахон Рахимжонова,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш кафедраси ўқитувчиси